Қуйи Чирчиқнинг олтин куз манзараси
Олтин кузнинг энг гўзал ва фусункор палласи фотосурат усталари учун ўзига хос илҳом бағишлайди. Хазонрезги боғлар, кечки ҳосил йиғилаётган далалар, сархил мева-сабзавотларнинг ёрқин рангларидан кишининг кўзини қувнайди.
Шу мақсадда Қуйи Чирчиқ туманининг “Маданият” МФЙ ҳудудида экотуризм йўналишида ўзига хос медиа-тур ўтказилди. Унга республикамиз, вилоят ва ҳудудий нашрларнинг фотографлари таклиф этилди. Ташкилотчилар томонидан суратлар учун керакли деталлар, персонажлар, ишчи муҳит, ўзига хос тасвирга олиш майдончаси ташкил этилди.
Эътиборлиси бу ҳудуднинг кузги таровати жудаям гўзал, кўркам дарахтлар қирмизи рангга бурканган. Бу ерга келган инсон борки ижод қилгиси, беихтиёр қўлидаги телефон камерасига табиатнинг гўзал манзараларини суратга олгиси келади.
[gallery-9245]
Тадбир давомида полиз ва боғ маҳсулотлари кўргазмалари, фольклор жамоаларнинг чиқишлари ҳам намойиш этилди. “Она замин саховати фотосуратчилар нигоҳида” мавзусида ташкил этилган фотосуратлар танловида олинган энг яхши фотолар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилди.
– Тошкент вилоятининг ўзига хос табиатини фотосуратларга муҳрлашни яхши кўраман, – дейди "Ёшлар кундалиги" газетаси фото мухбири Абдулазиз Абдурашидов. – Бу гал ҳам ўзимиз учун унутилмас маҳорат майдони бўлди. Жуда кўп суратлар олдик. Ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик.
А.Мусаев,
О.Ғуломов (сурат), ЎзА