Қуритилган ўрик – шифобахш ва тотли
Фарғона туманидаги Чимён ва Миндон қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳоли асосан ўрик етиштириш билан шуғулланади. Айниқса, миндонликлар бу юмушнинг ҳадисини олган.
Айни кунда мазкур маҳаллада 3 минг 600 дан зиёд киши истиқомат қилади. Толибжон Жўрабоев ҳозирда 50 дан ортиқ хонадонда ўрикни қайта ишлаш бўйича кооперация ташкил этиб, ўз хонадонида 30 нафардан ортиқ ишсиз аёллар бандлигини таъминлаган тадбиркорлардан биридир.
[gallery-19086]
Тадбиркор беш йилдан буён шу иш билан шуғулланиб келади. У йил давомида ўртача 500 тоннадан ортиқ ўрик мевасини қуритиб, ички бозорларимиздан ташқари Россия ва Хитой давлатларига экспорт қилмоқда. Муҳими, ушбу турдаги шифобахш ва тотли маҳсулотга буюртмалар ошмоқда.
– Ишимиз унча оғир эмас, - дейди ишчилардан бири Моҳира Қиёмова. – Меҳнатимизга яраша ҳақ оляпмиз. Бепул тушлик йўлга қўйилган. Бу ерда ишлаш биз, қишлоқ аёллари учун ҳар томонлама қулай бўлмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА