Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахбороти эшитилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг қурилиш соҳасида тадбиркорларга кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳолати ва рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ахбороти эшитилди.
Эшитувда қурилиш соҳасида тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сони ва ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётгани, шунингдек, коррупциявий омилларга барҳам бериш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилаётган ижобий натижалар қайд этилди.
Маълум қилинганидек, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 2025 йилда жами 424 минг 400 та объект бўйича давлат хизматлари кўрсатилган.

Қайд этилганидек, вазирлик томонидан бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, уларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш, шунингдек, архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш ҳамда кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмаганлиги ҳақида маълумот бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Мунозараларда депутатлар томонидан соҳадаги тадбиркорларга кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳолати юзасидан масъуллар олдига тегишли саволлар қўйилди. Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича келиб тушган аризалар таҳлил қилиниб, вазирлик томонидан рад этилган аризаларнинг сабаблари муҳокама қилинди.
Соҳада давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш юзасидан таклиф-тавсиялар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА