Қурилиш соҳасида малакали мутахассислар тайёрланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро архитектура ва қурилиш техникуми негизида ташкил этилган “Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази” иш билан банд бўлмаган аҳоли, хусусан, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори касбларга ўқитиш ва уларнинг касбий малакасини ошириш борасида самарали фаолият юритмоқда.
[gallery-9657]
Марказ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган. Бу ерда тингловчилар танлаган касблари бўйича халқаро стандарт талабларига мувофиқ, амалий ишлаш компетенциясига, замонавий компьютер, АКТларини иш жараёнида қўллаш, бинокорлик соҳасидаги махсус компьютер дастурлари ва уларнинг мобиль иловаларидан фойдалана олиш малакасига эга бўлмоқда. Марказда замонавий ўқув ва амалиёт жиҳозлари, дам олиш хоналари, спорт зал, кутубхона ва ётоқхонага мавжуд. Бу ерда тингловчилар 3 маҳал бепул иссиқ овқат ҳамда Бандлик бош бошқармаси томонидан ҳар ой 690 минг сўм миқдорида стипендия билан таъминланади. Шунингдек, тингловчилар бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилиб келинади. Бундан ташқари вилоятнинг тарихий обидалари, музейлар, кино ва театрларига ҳам саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Ўқув марказида ғишт терувчи, электрпайвандловчи, дурадгор, бўёқчи-безакчи, сувоқчи, сантехника ишлари устаси, электромонтажчи, темир ва темир-бетон конструкциялар монтажчиси, кран машинисти каби 14 та касб бўйича машғулотлар ташкил этилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА