Қурилиш материаллари: сифат ва назорат
“Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги департамент ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамкорлигида “Қурилиш материаллари: сифат ва назорат” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 349 та корхона фаолияти ўрганилиб, 132 тасида камчиликлар, 64 та ҳолатда стандартлар жорий этилмаганлиги аниқланди. 282 та ҳолатда корхоналарга соҳага оид масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Профилактика тадбирлари давомида ўрганилган корхоналарнинг масъуллари соҳага оид қонунчилик билан таништирилди. Шунингдек, ҳудудлардаги 13 та газобетон ишлаб чиқарувчи корхона ва 26 та янги лойиҳа ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ҳозирги кунда автоклав ва автоклавсиз газобетон маҳсулотлари 3 та (1982-2007 йилларда қабул қилинган) стандартлар асосида ишлаб чиқарилмоқда.

Матбуот анжуманида сифатсиз қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Анжуман доирасида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази директори Саидаҳмад Раззоқов ЎзА мухбирининг мавзуга оид саволига жавоб берди.
– Қурилиш материаллари, хусусан, цемент нархи нега айнан қурилиш мавсумида ошади?

– Нархни шакллантиришга тўсиқ қўя олмаймиз, яъни талаб ошса нарх ҳам ошади, — деди С.Раззоқов. — Биз буни чегаралай олмаймиз. Статистикага эътибор берган бўлсангиз, қурилишда талаб юқори бўлган материалларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ошириляпти. 2019 йилда цемент ишлаб чиқариш қуввати бор-йўғи 6,5 миллион тонна эди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 14,5 миллион тонна. 2024 йилга бориб цемент ишлаб чиқаришни 25 миллион тоннага етказамиз. Маҳсулот қанча кўп ишлаб чиқарилса, талаб ортгани билан нархнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатмайди. Ўшанда нархлар барқарор бўлади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА