Қурбон ҳайити олдидан Маккада хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда
Қурбон ҳайити арафасида Макка шаҳрига келаётган зиёратчилар оқими кескин ортди. Саудия Арабистони расмийлари зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча чора-тадбирларни жорий қилди.
Ахборот ҳамкоримиз - “SPA” хабар беришича, тавоф майдонлари, Саъй йўлаклари ва ташқи ҳудудларда ҳаракат узлуксиз назорат қилинмоқда. Тиббий хизмат, санитария, фавқулодда ёрдам ва йўналтириш гуруҳлари кечаю-кундуз фаолият олиб бормоқда. Турли тиллардаги ахборот хизмати меҳмонларга манзил ва амалларни осон топиш имконини яратмоқда.
Муқаддас маскан инфратузилмаси ҳам янги технологиялар билан мустаҳкамланган. Замонавий шамоллатиш, ҳавони совитиш ва тунги ёритиш тизимлари катта ҳажмдаги одамлар учун қулай муҳит ҳосил қилмоқда. Муҳандислик ечимлари овоз тарқалишини яхшилаб, хутба ва намоз овозини барча нуқтага аниқ етказишга хизмат қиляпти.
Айниқса, шаҳарда йўл хавфсизлиги масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Асосий йўналишларда тарғибот ишлари кучайтирилиб, транспорт оқимини бошқариш чоралари кенгайтирилган. Шунингдек, белгиланган санадан бошлаб рухсатсиз автомобилларни муқаддас ҳудудларга киритиш тақиқланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА