Қумқўрғонда эҳтиёжманд оилаларга бепул буғдой тарқатилмоқда
Сурхондарё вилоятидаги Қумқўрғон тумани миришкорлари жорий йилда 8 минг 183 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос, тезпишар ғалла навларини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.
Ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ўтказиб қабул пунктларига 18 минг 380 тоннадан зиёд товар дон топширилди. Шартномавий режадан ортиқ етиштирилган ҳосил фермерларнинг ўзида қолди.

Илғор ғаллакорлар кам таъминланган оилаларга моддий кўмак бериш учун уларнинг ҳар бирига бепул дон бериш таклифини илгари сурди. Бу ташаббус туман ҳокими Р.Ғаффоров томонидан қўллаб-қувватланиб, дастлабки кунда 519 та кам таъминланган оиланинг ҳар бирига 200–300 килограммдан бепул буғдой тарқатилди.

– Мен “Аёллар дафтари”га киритилганман, – дейди Бўстон маҳалласида яшайдиган Тахмина Абдуллаева. – Омборимиз донга тўлаётганидан жуда хурсандман. Инсон учун саломатлик ва нондан азиз нарсанинг ўзи йўқ. Кўрсатилган бу ёрдам дастурхонимизни анча вақт обод қилади. Илоҳим, юртимиз тинч, мамлакатимиз обод бўлаверсин. Деҳқонларимизнинг кишти-корини бериб, озиқ-овқат маҳсулотларимиз янада мўл бўлсин. Кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Туманда эҳтиёжманд оилаларга бепул дон топшириш давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА