Қум-шағал кушандалари ушланди
Сурхондарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбири чоғида қум-шағал хом ашёсини қонунга зид юклаб, ташиш ҳолатларига дуч келди.
Денов туманида яшайдиган Рустам Шойимов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва Эрали Авазов қум-шағал хом ашёсини “Сурхон” дарёси ўзанидан юк машинасига ортганида қўлга тушиб қолди. Шўрчи туманида истиқомат қиладиган Қосим Шарипов “Тентаксой” сойидан қум хом ашёсини ташиётганида ушланди.




Ҳолат юзасидан Рустам Шойимов ва Эрали Авазовнинг ҳар бирига 11 миллион 250 минг сўмдан жарима жазоси расмийлаштирилиб, 8 миллион 709 минг 120 сўмдан табиатга етказилган зарар ундирилиши белгиланди. Шўрчилик Қосим Шарипов эса 3 миллион 750 минг сўм жарима ва атрофга етказилган зарар учун 990 минг сўм тўлайдиган бўлди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири