Қозонда миллий ҳунармандчилигимиз намуналари намойиш этилди
Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида V халқаро этно-фестиваль “Стиль жизни – Културний код” доирасида ташкил этилган “Этника. Мода. Промисли. Културний код” ишбилармонлик дастурида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ҳам иштирок этди.
Хусусан, дастур доирасида ўтказилган “Халқ бадиий ҳунармандчилиги соҳасини ривожлантириш бўйича хорижий тажрибалар” мавзусидаги давра суҳбатида уюшманинг Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Лола Муҳитова “Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси фаолияти” мавзусида тақдимот қилди.
Тақдимотда мамлакатимизда ҳунармандчилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, миллий маданий меросни асраб-авайлаш, ҳунармандлар учун яратилган имкониятлар ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, фестиваль доирасидаги кўргазмада ўзбекистонлик ҳунармандларнинг миллий амалий санъат намуналари намойиш этилди.
Масъулларнинг қайд этишича, бундай халқаро майдонлар миллий ҳунармандчиликни кенг тарғиб этиш, илғор тажрибалар алмашиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА