Қозоғистондаги вазият дунё эътиборида
Қозоғистонда норозилик намойиши кучайиб бориши натижасида давлат раҳбари ёрдам сўраб Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ)га мурожаат қилди. КХШТ таркибига Россия, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон ва Арманистон киради.
Мамлакатга 2500 га яқин аскардан иборат хорижий куч жўнатилгани айтилган. Мазкур тинчликпарвар кучлар давлат идораларини, ҳарбий объектларни ҳимоя қилади.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс қўшинлар жойлаштирилишини диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.
— Очиғини айтганда, Қўшма Штатлар бутун дунёда инсон ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатни кузатиб боради, — деди Нед Прайс.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ёнилғи нархи ошиши сабабли юзага келган тартибсизликда 26 қуролланган жиноятчи йўқ қилингани, 18 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани, шунингдек, 3000 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини қайд этди.
БМТ, АҚШ, Буюк Британия ва Франция томонларни зўравонликдан тийилишга чақирди.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, мамлакат бўйлаб 70 та назорат пункти ташкил этилган.
Президент Қосим-Жомарт Тоқаев баёнотида мамлакатнинг барча ҳудудларида конституциявий тузум тиклангани айтилди.