Қозоғистонда зўравонлик қурбони бўлган аёлларни аёл терговчилар сўроқ қилади
Қозоғистонда зўравонлик қурбонларига эътибор кучаймоқда: энди аёл терговчилар аёллар ва эркакларни ҳимоя қилади. Мажбурий никоҳ ва таъқибга қарши янги чоралар киритилиб, адолат қарор топишига урғу берилади.
Қозоғистонда жинсий зўравонлик ва тажовуз билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилиш ваколати энди махсус аёл терговчиларга топширилади. Мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адилов “Казинформ” агентлигига маълум қилишича, ушбу янги амалиётдан кўзланган асосий мақсад – зўравонлик қурбони бўлган аёлларнинг сўроқ жараёнида қўшимча руҳий босим ва руҳий жароҳат олишларини камайтириш ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан ишончни мустаҳкамлаш.
Мулозим мажбурий никоҳ билан боғлиқ жиноятни баҳолаш механизмига ҳам алоҳида тўхталди. Расмийлар таъкидлашича, бундай вазиятда нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам жабрланувчи сифатида тан олиниши мумкин. Шунчаки оила қуришга ундаш ёки таклиф киритиш эса жиноят ҳисобланмайди. Ҳолат жиноий жавобгарлик келтириб чиқариши учун албатта очиқ таҳдид, зўравонлик ёки кучли босим аломати мавжуд бўлиши шарт. Акс ҳолда бундай муносабат фуқаролик-ҳуқуқий масала сифатида кўриб чиқилади.
Маълумотга кўра, ушбу мамлакатда мажбурий никоҳ қуриш 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб жиноят сифатида белгиланган. Бинобарин, ҳозирги кунгача бу бўйича бирорта ҳам расмий жиноий иш қўзғатилмаган. Қолаверса, Қозоғистонда инсонни доимий равишда тинмай таъқиб қилиш учун ҳам жиноий жавобгарлик жорий этилган. Шу йилнинг ўзида мазкур йўналишда 83 жиноят иши расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА