Қозоғистонда ўзбек рассомининг шахсий кўргазмаси очилди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўзбекистонлик рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро тасвирий санъат ассоциацияси аъзоси Нодир Бобомуродовнинг “Икки эл — бир макон” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг санъат ва маданият соҳаси вакиллари, ижодкорлар, санъатшунослар ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этган экспозицияда рассомнинг сўнгги тўрт йил давомида яратган энг сара рангтасвир асари ўрин олди.
Уларда Нодир Бобомуродовнинг ижодий изланишлари, реалистик рангтасвир анъаналарига содиқлиги, ранг ва ёруғлик билан ишлаш маҳорати, макон ва композицияни чуқур ҳис этиши намоён бўлади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, кўргазманинг “Икки эл — бир макон” деб номланиши тасодифий эмас. Унинг марказида Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларини асрлар давомида бирлаштириб келган муштарак тарих, маданий яқинлик, маънавий қадриятлар, миллий анъаналар ва дўстлик ғояси мужассам. Рассом икки мамлакатни алоҳида макон сифатида эмас, балки умумий тарихий-маданий ва маънавий маконнинг яхлит манзараси сифатида талқин қилади.

Унинг картиналарида кенг даштлар ва маҳобатли тоғлар, қадимий шаҳарлар ва тарихий масканлар, миллий анъаналар ҳамда кундалик ҳаёт манзаралари уйғунлашиб, ягона бадиий оламни ҳосил қилади.
Нодир Бобомуродов ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, макон чуқурлиги, ёруғлик ва соя динамикаси, рангларнинг нозик уйғунлиги ҳамда табиат ҳолатини теран ҳис этиш орқали картинага жон бағишлашидир.
Унинг асарларида табиат шунчаки манзара эмас, балки инсон, тарих ва маданият билан узвий боғлиқ бўлган тирик бадиий муҳит сифатида намоён бўлади. Рассом ижодида Ўзбекистон ва Қозоғистон табиати алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонга бағишланган асарларда Чорвоқ сув омбори, Чирчиқ дарёси, Чимён тоғлари, Қозоғистон мавзусидаги картиналарда эса Иле Олатови, Чорин дараси, Баянаул, Бурабай ҳамда Олмаота ва унинг атрофидаги манзаралар ўз ифодасини топган.

Рассомнинг пейзаж асарларида Ўрол Тансиқбоев анъаналари билан ижодий муштараклик ҳам кузатилади. Маконнинг кенглиги, тоғ ва даштларнинг салобати, ёруғлик ҳамда рангнинг ўзаро муносабати бу яқинликни намоён этади. Нодир Бобомуродовнинг ижодий фаолияти Ўзбекистон билан чекланиб қолмайди. Рассом республика ва халқаро миқёсдаги кўргазмалар, танловлар ҳамда халқаро пленарларда фаол иштирок этиб келган. Унинг асарлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Шимолий Кипр ва Озарбайжонда ўтказилган кўргазма ва халқаро санъат лойиҳаларида намойиш этилган.

Кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, “Икки эл — бир макон” нафақат рассомнинг сўнгги йиллардаги ижодий изланишларини намойиш этувчи экспозиция, балки икки қардош халқнинг тарихий ва маданий яқинлигини тасвирий санъат воситасида ифодаловчи муҳим маданий лойиҳадир.
Тадбир давомида рассомнинг ижодий фаолияти, бадиий тафаккури ва замонавий тасвирий санъатдаги ўрни ҳақида фикр алмашилди. Меҳмонлар Нодир Бобомуродовнинг миллий руҳни замонавий бадиий ифода воситалари билан уйғунлаштириш маҳоратига юқори баҳо берди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, “Икки эл — бир макон” кўргазмаси Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат ижодкорлари ўртасида тажриба алмашиш ва миллий тасвирий санъат намуналарини халқаро аудиторияга тақдим этиш учун муҳим ижодий майдон бўлиб хизмат қилди. Санъат тилида ифодаланган ушбу муштарак макон икки халқни умумий тарих ва қадриятлар билан бир қаторда, замонавий ижод ва маданий мулоқот орқали ҳам бирлаштириб туришини намоён этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА