Қозоғистон раҳбари Орол муаммосини гапириб ўтди
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашувида сўзга чиқиб, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида минтақа мамлакатлари ҳамкорлигини кучайтиришга чақирди.
Бу ҳақда «Казинформ» ахборот агентлиги ҳабар қилди. Тоқаев, жумладан, Орол денгизи ҳавзаси ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун қатъий чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлади.
– Замонавий иқлим муаммоси, сув ва энергетика манбаларига талаб ортиб бораётгани Орол денгизи ҳавзаси сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича қатъий чораларни қабул қилишни тақозо этмоқда”,– деди Қозоғистон раҳбари. – Иқлим ўзгариши бўйича халқаро экспертлар гуруҳи ҳисоботига кўра, минтақадаги ҳарорат сайёрамизнинг ўртача кўрсаткичидан анча тез кўтарилмоқда. Иқлим ўзгариши жараёни биз учун асосий сув манбаи бўлган музлик майдони қисқаришига олиб келади.
Бундан ташқари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш ва минтақада иқлим ўзгариши бўйича мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш мақсадида Қозоғистон Президенти томонидан Марказий Осиё мамлакатлари лойиҳалаш идорасини ташкил этиш таклиф қилинди.
Гулруҳ Абдуллаева, ЎзА