Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонда божхона ва транспорт тизимини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасига Қозоғистон Республикаси делегациясининг расмий ташрифи бўлиб ўтди.
Ташриф давомида меҳмонларга Ўзбекистон божхона органларининг фаолиятини модернизация қилиш, халқаро стандартлар ва илғор амалиётларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Масофавий электрон декларациялаш маркази, Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш марказлари ҳамда Call-марказнинг иш жараёни билан яқиндан танишди. Ҳар бир марказнинг асосий вазифалари, қўлланилаётган замонавий дастурий таъминот ва илғор инструментлар ҳақида батафсил тақдимот ўтказилди.

Хусусан, маълумотлар таҳлилига асосланган самарали назоратни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Таргетлаш ва хавфларни бошқариш тизимининг тузилиши, ишлаш алгоритмлари ва божхона органлари томонидан ишлаб чиқилган автоматлаштирилган ахборот тизимлари намойиш этилди.


Мазкур ташриф икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва божхона ҳамда транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА