Қўшработликлар хазина топди(ми?)
Халқ орасида етти хазинанинг бири сифатида тилга олинадиган паррандачиликнинг барча тури хонадонга барака келтириши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
Хонадонида товуғи бўлган оиланинг қозони қайновдан қолмайди. Шу боис, бугунги кунда аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган чора-тардбирларда паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қўшработ тумани Самарқанднинг узоқ туманларидан бири. Табиийки, марказдан олисда жойлашган, бунинг устига асосий қисми лалмикор ерлардан иборат туманнинг иқтисодини ривожлантиришнинг ўзи бўлмайди. Шу боис, Қўшработда маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, иқтисодий имкониятларни оширишга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хонаки товуқларни етиштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа ана шундай истиқболли дастурлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Товуқ парваришлашнинг ўзига хос усулини ўзлаштираётган қўшработликлар қисқа муддатда бу хазинадан самарали фойдаланишни бошлашади.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган “Паррандачиликни ривожлантириш офиси” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида бугунги кунгача туманда хонаки товуқни парваришлаш истагида бўлган 70 та, шунингдек, ижтимоий аҳволи оғир, деб қайд этилган 24 та хонадон рўйхати шакллантирилиб, уларга имтиёзли кредит асосида инкубатор ҳамда 50 бошдан хонаки товуқ берилиб, лойиҳанинг дастлабки босқичи бошланган. Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, биринчи босқичда 70 та инкубаторга талабгорлар томонидан 14 500 дона хонаки товуқ тухумлари жойлаштирилиб, қўйилган тухумдан 10 200 та жўжа олинган. Хонаки товуқ жўжаларини етиштирган 49 та хонадонда тухумдан чиққан 7100 та жўжадан 6550 таси ўртача 5000 сўмдан харидорларга етказиб берилган. 550 та жўжа хонадонларда парваришлаш учун олиб қолинган. Қолган 21 та хонадонда 3000 дан ортиқ жўжа тадбиркорликни кенгайтириш учун фуқаролар томонидан хонадонларда парваришланмоқда.
– Ушбу лойиҳа доирасида талабгорларга инкубатор имтиёзли банк кредити бўйича уч йил муддатга, 50 бош хонаки товуқ эса субсидия асосида тақдим этилмоқда, – дейди туман ҳокимлигида ташкил этилган “Паррандачиликни ривожлантириш офиси” МЧЖ директори ўринбосари Элшод Бўриев. – Мақсад туманда хонаки товуқ парваришлашни ривожлантириш орқали аҳолини доимий даромад манбаига эга қилиш ҳамда туманда хонаки товуқ етиштириш марказини ташкил этишдан иборат. Барчага маълумки, хонаки товуқнинг тухуми ҳам, гўшти ҳам инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Бугунги кунда аҳолида мазкур лойиҳага қизиқувчилар ортиб бормоқда. Йил якунига қадар хонаки товуқ етиштирувчи хонадонлар сонини 200 тага етказишни режалаштирганмиз. Айни пайтда туманда 80 нафардан ортиқ талабгорлар товуқ парваришлаш бўйича мурожаат қилиган бўлиб, уларнинг рўйхати шакллантирилиб, имтиёзли кредит асосида инкубатор олиш бўйича ишлар давом этмоқда. Илк босқичда хонаки товуқ етиштиришни бошлаган фуқаролар даромад қилишга ҳам улгуришди.
– Ишсиз эдим, шу боис туман ҳокимлигига мурожаат қилгандим, улар хонаки товуқ парваришлаш бўйича малга оширилаётган лойиҳани таклиф этишди, – дейди туманнинг Қўралос маҳалласида яшовчи Элдор Норқулов. – Лойиҳа билан танишиб, қизиқиб қолдим. Чунки, коллежда ветеринария йўналишида ўқигандим. Инкубаторни имтиёзли кредит асосида олидим. 50 бош хонаки товуқ, беш бош хўроз субсидия қилиб берилди. Шу кунгача икки марта жўжа очирдим. Қўни-қўшниларга сотиб, даромад ҳам қилдим. Энди ушбу фаолиятни кенгайтиришни ўйлаяпман.
Туман ҳокимлигида ташкил этилган “Паррандачиликни ривожлантириш офиси” МЧЖ масъулларининг маълум қилишича, келгусида аҳоли томонидан етиштирилаётган хонаки товуқ савдосини амалга оширишга мўлжалланган махсус бозор ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Демак, паррандачилик билан шуғулланаётган фуқаролар етиштирган товуқ, жўжаларни сотишда ҳам ҳеч қандай қийинчиликка учрамайди.
[gallery-3236]
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА