Қўшиқчиликда мактаб яратган санъаткор
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси, Ўзбек Миллий мақом маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, "Баҳор" ансамблининг яккахон хонандаси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Хайрулла Лутфуллаев ижодига бағишланган кеча ўтказилди.
Санъатимиз дарғаси мана эллик йилдан ортиқ вақт мобайнида мухлисларни ўзининг бетакрор қўшиқлари билан қувонтириб келмоқда. Устоз санъаткор миллий қўшиқчилик соҳасида ўзига хос мактаб яратгани, кўплаб шогирдларга хонандалик, саҳна маданияти сирларини ўргатгани диққатга сазовор.

Хайрулла Лутфуллаев ўз даврида кўп йиллар мобайнида атоқли ўзбек шоири Пўлат Мўмин билан самарали ижодий ҳамкорлик қилиб келган. Бу эса беғубор туйғулар, Ватан, инсон қадрини улуғлашга оид янги-янги дилбар қўшиқларнинг яратилишига сабаб бўлган.

Кечада устоз санъаткорнинг миллий қўшиқчилик санъатини ривожлантиришдаги меҳнатлари юқори эътироф этилди. Миллий куй-қўшиқлардан иборат концерт дастури намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА