Қўшимча маҳсулот сақлаш сиғимлари ўрнатилмоқда
“Ўзбекнефтгаз”АЖ тизимидаги бошқарма ва заводларда суюлтирилган газ қуйиш цехига маҳсулотларни сақлаш учун қўшимча сиғимлар ўрнатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020–2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бу ишларни тизимли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
1980 йил ўз фаолиятини бошлаган Қашқадарё вилоятидаги “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан мазкур қарорда белгилан устувор вазифалар режа асосида амалга ошириляпти.
Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг 1-, 2-, 5-навбатларида модернизация лойиҳаси доирасида қатор ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Ушбу қурилмаларнинг модернизация қилиш натижасида йиллик суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга эришилади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда айни пайтда бошқармадаги Суюлтирилган газ қуйиш цехининг I-навбатида қўшимча маҳсулот сақлаш сиғимларини ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари бажарилмоқда.
Ушбу Суюлтирилган газ қуйиш цехининг I-навбати 1986 йилда ишга туширилган. Цехнинг асосий вазифаси суюлтирилган газни сақлаш ва тайёр маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб бериш учун темир йўл цистерналари, автоцистерналар ва газ баллонларига қуйиб жўнатишдан иборат.
Қўшимча маҳсулот сақлаш сиғимлари ўрнатишнинг ишчи лойиҳаси ҳужжатлари “ЎзЛИТИНЕФТГАЗ” АЖ томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳага асосан ускуналар тендер савдо танловларида ғолиб бўлган ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан босқичма-босқич тайёрланиб, етказиб берилди. Айни пайтда 7 та “V=200” куб метр маҳсулотни сақлашга мўлжалланган сиғим “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ томонидан етказиб келинди ва уларни монтаж қилиш ва ишга тушириш ишлари якунланмоқда.
Суюлтирилган газ қуйиш цехининг I-навбатида қўшимча 7 та “V=200” куб метр маҳсулотни сақлашга мўлжалланган сиғимларни ўрнатиш билан бир қаторда жараёнларни автоматик бошқарув тизими ҳам жорий этилади.
Қурилиш монтаж ишлари бош пудратчи “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ томонидан амалга оширилмоқда. Ҳозирда қурилиш ишлари учун барча моддий-техник ресурслар ва эҳтиёт қисмлар тайёр ҳолатга келтирилган.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА