Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади
Келаси йили ресурслар 2 карра оширилиб, Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосидаги “драйвер” лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Шу ҳисобдан камида 50 минг одамни даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
Икки йилда бизнес инфратузилмасига 370 миллиард сўм ажратилгани ҳисобига 2 минг 200 та савдо-сервис объекти ишга тушиб, 10 мингга яқин иш ўрни яратилган. Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида 60 ўринли боғча, футбол ва воркаут майдончалари ташкил этилгани маҳаллага янгича кайфият олиб киргани таъкидланди.
Туман ҳокимларига шу йил иқтисодий ўсиш ва бандликка туртки берадиган яна иккитадан лойиҳа қилиб, 10 минг одамни даромадли қилиш топширилди. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилиб, бир ҳафтада молиялаштириш очилади.
Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш давом этмоқда.
ЎзА