Қорақалпоғистонда “Медиа ҳафталик” муваффақиятли якунланди
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида беш кун давомида турли мавзулардаги семинар, тренинг ва учрашувларга бой тарзда ўтган “Медиа ҳафталик” муваффақиятли якунланди.
Контент маркази томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши ҳамкорликда ташкил этилган мамлакатимиздаги йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси доирасида Контент маркази мутахассислари, мамлакатимиздаги таниқли журналист ва блогерлар томонидан журналистика, рақамли медиа ва ахборот технологиялари йўналишларида муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
“Медиа ҳафталик”нинг сўнгги кунида ахборот хизмати раҳбарлари ва ходимлари, ҳудудий телеканалларнинг ҳужжатли фильм тайёрловчилари, вайнерлар ва контент яратишга қизиқувчи ёшлар учун уларнинг касбий фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилувчи замонавий ва долзарб мавзуларда тренинглар ташкил этилди.

– Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Медиа ҳафталик” доирасидаги семинар-тренинг биз, матбуот хизмати ходимлари учун жуда муҳим ва амалий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу тадбир замонавий ахборот сиёсати, жамоатчилик билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, рақамли платформалардан унумли фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларимизни янада бойитди. Айниқса, амалий машғулотлар ва тажриба алмашиш жараёнлари орқали соҳадаги долзарб масалаларга янги ёндашувлар шаклланди. Тренинг давомида мутахассислар томонидан оммавий ахборот воситалари қонунчилиги, фактчекинг, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга оид берилган тавсиялар ва кейслар кундалик фаолиятимизда қўллаш учун жуда фойдали бўлди. Бундай тадбирлар нафақат касбий маҳоратимизни оширади, балки ахборот очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда масъулиятимизни янада чуқур ҳис этишимизга туртки беради, – дейди Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати раҳбари Ислам Матеков.

– Мазкур медиа ҳафталик биз учун ҳақиқий касбий ўсиш нуқтаси бўлди. Бу ерда телевидение, босма оммавий ахборот воситалари, матбуот котиблари, умуман медиа соҳасига қизиқувчи кўплаб ёшлар ўртасида ажойиб ҳамкорлик муҳити яратилди. Контент маркази ташкилотчилари бизга қулай ўқув шароитларини таъминлаб, энг долзарб билимлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этди дейиш мумкин. Биз контент яратиш учун замонавий технологиялардан қандай самарали фойдаланиш ва бугунги шароитда ахборот хавфсизлигини қандай таъминлашни батафсил ўргандик. Муҳими, ҳар бир машғулот ҳозирги долзарб муаммоларга мослаштирилган. Етакчи блогерлар, инфлюенсерлар, экспертларнинг машғулотлари, тажриба алмашиш ҳамкасбларимизнинг ижодий фаолиятига кучли туртки беради. – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ахборот хизмати раҳбари Бектурсин Хожанов.
Куннинг иккинчи ярмида ҳафталик якунига бағишланган Медиа форум бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар “Медиа ҳафталик” медиа соҳаси вакиллари учун нафақат билим ва тажриба манбаи, балки тажриба алмашиш, янги лойиҳаларни илгари суришда илҳом майдонига айланганини алоҳида қайд этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати ахборот бўлими бошлиғи Азамат Ажимуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси бошлиғи Байрам Қусекеевнинг тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Контент маркази томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар таништирилди. Иштирокчилар тадбир юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳамда соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифларини билдирди.
Якунда семинарларда фаол иштирок этган теле, радио, газета журналистлари, блогерлар ва медиа соҳаси ходимлари ҳамда ёш иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан махсус сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Қорақалпоғистондан бошланган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг барча ҳудудида жорий йилнинг 26 июнга қадар давом этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА