Қорақалпоғистонда 7,6 миллиард долларлик лойиҳалар ишга туширилди ва янги қувватлар қурилишига старт берилди
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Сўнгги йилларда ҳудудда тадбиркорлик ва инвестициялар учун яратилаётган қулай шароитлар иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хусусан, 2016 йилда Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошига келиб 54 триллион сўмдан ошди. Маҳсулот ишлаб чиқаришда хусусий секторнинг улуши 66 фоизга етди. Фаол тадбиркорлик субъектлари сони 2,5 баробар кўпайиб, 26,5 мингтани ташкил этди.

Сўнгги тўққиз йилда юқори даромадли иш ўринларини яратиш учун Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритилди. Жорий йил якунига қадар хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Ҳудудда фаолият юритаётган хорижий ва қўшма корхоналар сони 2018 йилга нисбатан 2,2 баробар ошиб, 271 тани ташкил этди.
Маросим доирасида 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга ошириладиган 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Уларнинг ҳисобига 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Хусусан, Қораўзак туманида умумий қуввати 300 мегаватт бўлган иккита шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди.

Ишга туширилган объектлар қаторида Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда барпо этилган Шайх Халифа номидаги шифохона бор. Қиймати 27 миллион доллар бўлган 100 ўринли муассаса замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда 80 та иш ўрни яратилди.
Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ҳам ҳудудда тиббий хизмат сифатини ошириш ва мутахассислар малакасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Рақамли инфратузилмани ривожлантириш йўналишида Тахиатош туманида “Linkwise” корхонасининг 150 миллион долларлик модулли интеллектуал ҳисоблаш марказининг биринчи босқичи ишга туширилди.

Нукус шаҳрида жамоат транспортини яхшилашга қаратилган “SAPSAN TRANS NO‘KIS” корхонасининг 20 миллион долларлик лойиҳаси ҳам иш бошлади. 25 та автобус ва электробус олиб келинган бўлиб, йил якунига қадар қўшимча 75 та электробус келтирилади. Лойиҳада 200 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Қурилиши бошланаётган лойиҳалар энергетика, рақамли иқтисодиёт, саноат, транспорт, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олган.
Қўнғирот туманида Саудия Арабистонининг “ACWA” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 2,6 миллиард доллар бўлган 1,5 гигаваттли йирик шамол электр станциясини қуриш ва ягона энергетика тизимига улаш ишлари фаол босқичга ўтмоқда. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли магистрал электр тармоғи тортилади, 500 киловольтли учта подстанция қурилади ва яна иккитаси модернизация қилинади.

Чимбой туманида кореялик инвесторлар билан республикада илк бор қизилмия илдизини қайта ишлаш орқали йилига 3 миллион куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 92 километрлик қисмида қурилиш ишлари бошланди. Лойиҳа қиймати 233 миллион долларни ташкил этади. Нукус шаҳри жамоат транспорти учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда 112 та электробус харид қилиш ва депо ташкил этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилади.
Хитойлик ҳамкорлар билан Қўнғирот ва Тахиатош туманларида умумий қиймати 2 миллиард 281 миллион доллар бўлган рақамли валюта ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект маълумотлар марказларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тахтакўпир туманида ҳам маълумотлар маркази барпо этилади. Нукус шаҳрида чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасига старт берилди.

Қораўзак туманидаги “Зенгибобо” конида олтин қазиб олиш бўйича 20 миллион долларлик корхона барпо этилади. Амударё туманида эса 15 миллион долларлик замонавий йирик савдо маркази ташкил қилинади.
Ижтимоий соҳада ҳиндистонлик ҳамкорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт фанлари университети ва юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонаси ташкил этилмоқда.
Туркиялик ҳамкорлар иштирокида Нукус шаҳридаги “Дўстлик” канали бўйида Тошкентдаги “Сеул Мун” намунаси асосида 103 миллион долларлик дам олиш, кўнгилочар ва савдо маркази барпо этилади.
Маросимда хорижий ҳамкорлар лойиҳаларни амалга ошириш ва ишга тушириш муддатлари ҳақида ахборот берди. Вилоят ҳокимлари ўзларига бириктирилган туманларда янги иш ўринлари яратиш ва камбағал оилалар даромадини оширишга қаратилган лойиҳаларини тақдим этди.

Давлатимиз раҳбари нуронийлар, олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини ҳар бир лойиҳа ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга чақирди. Бундай ёндашув оилалар фаровонлигини таъминлаш, ёшлар келажаги ва Оролбўйининг мустаҳкам иқтисодий пойдеворини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижлик ҳамкорлар ва тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.
Рамзий тугма босилиб, янги объектлар ишга туширилди ва қурилиш ишларига старт берилди. Инвесторлар ва ҳудуд фаоллари билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Шу ернинг ўзида Нукус шаҳрида ёш оилалар учун барпо этиладиган “Янги Ўзбекистон” турар жой массивининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Массив учун 270 гектар майдон белгиланиб, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бошланган. Бу ерда 30 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, йирик бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар қурилади.