Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Юртимизда барча соҳалар қатори транспорт соҳасида ҳам кўплаб янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилиб, халқимизга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай чора-тадбирлар қаторида Нукус шаҳрида аҳолига сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш, ҳаракат таркибини янгилаш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Fayz Avangard” масъулияти чекланган жамият томонидан 32 дона автобус олиб келинди.
Албатта, янги транспортлар йўловчиларга сифатли транспорт хизматини тақдим этиш ва уларнинг узоғини яқин қилиш йўлида хизмат қилади.

***
Тўрткўлда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси кубоги” учун “Заковат” интеллектуал ўйинининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Жами 49 та маҳалла жамоаси иштирок этган мазкур мусобақа қизғин, муросасиз ва юқори кўтаринки руҳда ташкил этилди. Беллашувларда маҳалладаги билимдон ва зукко фаоллардан тузилган жамоалар ўзларининг теран фикрлаши, кенг дунёқараши ва тезкор мантиқий тафаккурини синовдан ўтказдилар.
Ҳар бир сония ва ҳар бир савол учун кечган шиддатли баҳслар якунига кўра биринчи ўринни “Кўна Тўрткўл” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси, иккинчи ўринни “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси, учинчи ўринни “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси эгаллади.
Мусобақада мутлақ устунлик қилиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритган “Кўна Тўрткўл” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.

***
Шуманай тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли муассаса раҳбарлари учун ички туризмни ривожлантириш, тарихий-маданий меросимизни кенг тарғиб қилиш ва маънавий-маърифий дунёқарашни бойитиш мақсадида тарихий жойларга саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат Қорақалпоғистон Республикасининг тарихий-меъморий ёдгорликларидан бири Чилпиқ қўрғонидан бошланди. Иштирокчилар ушбу қадимий обиданинг кўп асрлик тарихи, меъморий хусусиятлари ва халқимиз цивилизациясидаги ўрни ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.
Кейинги манзил қадимий Хива шаҳри бўлиб, иштирокчилар шуҳрат қозонган Калта Минор, Хива хонларининг қароргоҳи бўлган Кўҳна Арк, нақшинкор безаклари билан ажралиб турадиган Тошҳовли саройи, 200 дан ортиқ ёғоч устуни билан машҳур Жума масжиди ва Хивадаги энг баланд меъморий иншоот ҳисобланган Исломхўжа минораси билан яқиндан танишишди.
Саёҳат Арда Хива мажмуасига ташриф билан якунланди.

***
Тахтакўпир туманидаги умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчи-қизлар иштирокида “Даврага кел, дугонажон” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Тадбир давомида ўқувчи-қизларнинг интеллектуал, ижодий қобилиятини юзага чиқариш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат, эзгу анъаналарга содиқлик ва юқори ахлоқий фазилатларни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилди.

Фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.