Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов томонидан аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш мақсадида энг олис Мўйноқ туманида сайёр қабул ўтказилди.
Қабулда 25 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсдан 28 та масала юзасидан мурожаат тушди ва7 таси жойида ижобий ҳал этилди. 5 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди. Қолган 12 та мурожаат қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қилганлиги учун иш юритувига қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишлар давом этмоқда.
***
Қурбон ҳайити муносабати билан Кегейли тумани “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Ҳакимқул ота” қабристонида ободонлаштириш ва ҳашар ишлари кенг кўламда ташкил этилди.

Эзгу ташаббуслар орқали муқаддас қадамжоларни тоза сақлаш, маҳаллаларда ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Маҳаллалар уюшмаси Кегейли тумани бўлими ташаббуси билан ҳудуддаги барча 55 та қабристонда “маҳалла еттилиги” раҳбарлигида аҳоли билан ҳамкорликда ҳашарлар ўтказилди. Шунингдек, ушбу тадбирларда нуронийлар ва ёшлар фаоллик кўрсатди.
Ҳашар давомида қабристон атрофи тартибга келтирилиб, чиқиндилардан тозаланиб ободонлаштирилди.
***
Тўрткўл тумани “Нуроний” жамғармаси бўлими ҳамда 15-сонли умумтаълим мактаби ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Тадбирда ушбу мактабни тугатиб, туманнинг қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт ва таълим соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари, мактаб жамоаси ҳамда ўқувчилар иштирок этди.

Суҳбат давомида нуронийлар ўз ҳаёт ва меҳнат йўллари ҳақида сўзлаб, ёшларга муваффақият калити - мукаммал билим ва юксак мақсад сари интилиш эканини таъкидлади. Учрашув якунида нуронийлар мактаб кутубхонасига бадиий китоблар тўпламини совға қилди.
***
Бугунги кунда Оролбўйида йўл инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун қулай ҳамда хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қурбон ҳайити байрами арафасида Д239 “А380 автомобиль йўли 661-километрдан - Қизилқалъа қишлоғи - Бўстон шаҳри - Гулдирсин қишлоғи - Тўрткўл шаҳри” автомобиль йўлининг Элликқалъа тумани ҳудудидан ўтадиган 23 - 28-километр қисмида асфальт ётқизиш ишлари бажарилиб, йўлнинг 4 километрлик қисми таъмирланди.
Бу ишлар туман Йўллардан фойдаланиш давлат ташкилоти томонидан амалга оширилди. Ҳудуд аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу йўлда бажарилган таъмирлаш ишлари байрам совғаси бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.