Қоракўлда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази
Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилиши инсон манфаатлари устуворлигига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси экани таъкидланди.
Ҳозирги кунда туман аҳолисининг 16 минг 823 нафарини (қарийб 10 фоизи) ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари ташкил этади.
[gallery-14575]
Айнан мана шу ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига бундан буён “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан 26 турдаги турли ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Келгуси йилдан яна янги 23 турдаги ижтимоий хизматлар йўлга қўйилади.
Марказда келгусида руҳий-ижтимоий ёрдам мобиль хизмати ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Юрист ва психологлардан иборат таркибдаги ушбу гуруҳлар орқали оғир вазиятга тушиб қолган ва ижтимоий-ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлган фуқароларга манзилли шошилинч руҳий-ижтимоий, ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.
Тадбирдан сўнг эзгу ниятлар билан бино ҳовлисига турли хил дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Шунингдек, Хўжалар маҳалласида якка-ёлғиз яшовчи Розия аянинг ҳолидан хабар олиниб, муаммоларига ижобий ечим топилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари