Қораҳожи кўркам ва обод ҳудудга айланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, эндиликда Қораҳожи маҳалласи “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” давлат дастури доирасида ривожлантирилади.
Бунда кўп йилдирки, аҳолини қийнаб келаётган ташвиш ва муаммоларга ечим топиладиган бўлди. Бу асосан ҳудуд муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмири ва ободонлиги, ижтимоий соҳа иншоотлари фаолиятига бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш орқали маҳаллий аҳоли турмуш тарзини яхшилаш каби жиҳатларни қамраб олмоқда.
–Туман марказидан 25 километр узоқликда, чўл массивига туташ маҳалламиздаги Янги турмуш, Шукрона, Ҳунармандлар ва Тадбиркорлар деб номланган 4 та кўчамизда бугунга келиб 509 та хонадон, 815 та оила ва уларда жами 3 100 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда, –дейди “Қораҳожи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Янгиев. –-Аҳолининг асосий тирикчилик манбаи чорвачилик ва деҳқончилик ҳисобланади. Ободонлаштиришга доир давлат дастурига киритилганимиздан жуда мамнунмиз. Негаки, маҳалламиз янгиланишга муҳтож ҳудудлардан. Бизда ўтган аср олтмишинчи, етмишинчи йилларида қурилган йўл ва иншоотлар бугун таъмирталаб аҳволда, электр линияси тармоғини янгилаш, қўшимча трансформаторлар ўрнатишга эҳтиёж катта. Яна ҳозир 350 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 32-сон умумтаълим мактаби, шунингдек, 56-сонли оилавий поликлиникани қайта таъмирлаш ва талаб даражасида жиҳозлаш, аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини йўлга қўйиш жуда муҳим. Қолаверса, ҳудудимизда болалар боғчаси йўқ, қораҳожиликларнинг жажжи фарзандлари эса узоқ йўл юриб, қўшни Деҳқонобод ва Жиғачи маҳаллаларидаги боғчаларга қатнамоқда.
Мутасаддилар ўрганиши ва юқоридаги дастур асосида Қораҳожида қатор ободонлаштириш ва таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бу борада “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Аввало, жорий йил дастлабки чорагида ҳудуддаги 32-сон умумтаълим мактаби ёнидан 180 ўринли болалар мактабгача таълим ташкилоти биносини қуришга қарор қилинган.
Шунингдек, Қораҳожидан оқиб ўтган ариқнинг 6 километр қисмини, сув сиғимини оширган ҳолда бетонлаштириш ишлари билан бирга, умумий узунлиги 35 километр ички йўлни рисоладагидек кўринишга келтириб, шундан 19 километрдан зиёд тупроқ йўлга шағал ётқизилади. Шундан 6,5 километр қисмини асфальт қилиш, электр энергияси таъминотидаги нуқсон ва камчиликларни бартараф этиб, эскириб яроқсиз ҳолга келган юздан ортиқ симёғочни бетон- таянч устунига алмаштириш, тармоқдаги 3 минг метрдан ортиқ электр кабель симларни янгилаш ва истеъмолдаги юкламалардан келиб чиққан ҳолда яна қўшимча 2 та электр трансформаторни ўрнатиш чора-тадбири кўрилмоқда.
Маҳалладаги тоза ичимлик суви етиб бормаган 20 тага яқин хонадонни истеъмолга яроқли “об- ҳаёт” билан таъминлаш, маҳалла маъмурий биносини таъмирлаб, маҳаллага кираверишдаги рамзий дарвозани қуриш, ёшлар учун спорт майдончасини барпо қилиш, мавжуд 4 та кўчани ободонлаштириб, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, қолаверса, табиий газ қувурларини таъмирлаб, суюлтирилган газ истеъмолига ўтказилган аҳоли хонадонларига маиший газ баллонларида зарур ёнилғини барқарор етказиб бериш, ҳудуддаги 3 та қабристон атрофини тозалаб, обод қилиш ва, шунингдек, мол бозорини бошқа ҳудудга кўчириш каби муҳим ишлар амалда бошланган. Айтиш жоизки, бу ерда аҳоли мурожаати асосида савдо дўконларидан бирига банкомат ўрнатилиб, ҳудуддаги тупроқ кўчалар реконструкцияси жадал бошлаб юборилган.
[gallery-15513]
Шунингдек, маҳаллада аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, Қораҳожи маҳалласининг обод ва кўркам масканга айланадиган кунлари яқин.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари