Қорадарё устида кўприк қурилади
Бир неча йиллар олдин Самарқанд шаҳрида яшовчи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига Оқдарё туманининг шаҳарга яқин ҳудудидан уй-жой қуриш, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш учун ер майдони ажратилган эди.
Қорадарё бўйида жойлашган мазкур ҳудудни шаҳар билан яқин масофада боғлаш учун дарё устида кўприк қурилиши режалаштирилганди, аммо бу ишни амалга ошириш ортга суриб келинаётганди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилда Самарқандга ташрифи чоғида ушбу масала кўтарилди ва бу вазифани бажариш учун замонавий лойиҳа ишлаб чиқиш топширилганди.
Ўтган давр мобайнида мутасадди идоралар мутахассислари томонидан дарё устида кўприк қуриш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди, лойиҳалар тайёрланди. Ҳар томонлама пухта ўрганишлардан сўнг энг мукаммал лойиҳа тасдиқланди.
Янги йилнинг дастлабки кунларида янги кўприк қурилишига киришилди. Бу ишни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компаниясига қарашли “Кўприк қурилиш трести” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари амалга оширмоқда.
– Кўприкнинг узунлиги 700 метр, сут сатҳидан баландлиги 12-13 метр бўлади, – дейди “Кўрпик қурилиш трести” МЧЖ муҳандиси Қудрат Исаев. –Қурилма дарё устида бўлиши ҳисобга олиниб, устунларни асосан, бурғулаш йўли билан жойлаштириш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари замонавий технологиялар, халқаро стандартлар асосида амалга оширилади.
Республика ва вилоят мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари кўприк қуриладиган жой ва лойиҳа билан яна бир бор танишдилар, қурувчилар ишига муваффақият тиладилар.
Янги кўприкни жорий йил якунига қадар қуриш ва фойдаланишга топишириш режалаштирилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА