Қорабайир отлари карвони йўлга чиқди
Нурафшон шаҳри марказига юртимизнинг машҳур чавандозлари зотдор отлари билан тўпланди. Эрта тонгдан Президентимизнинг 2019 йил 18 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан "Қорабайир отлар марафони"га старт берилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги "Қорабайир отчилик мажмуаси" ҳамда "АБС Оққўрғон кластер" пахтачилик кластери билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур марафонда 20 нафар чавандозлар Капитал, Юлдуз, Карол, Лимон, Мираж, Наврўз, Оқсарой, Олмос, Садаф, Цангар, Тўриқ, Қалдирғоч, Мамлюк, Сапсан, Истанбул, Комиссар, Барон, Граф, Бургут ва Тўфон лақабли тулпорлари билан Тошкент вилоятидан рўйи замин сайқали Самарқандгача йўл босиб ўтади.


— Болалигимдан отларни яхши кўраман, — дейди пискентлик чавандоз Ўринбек Ботиров. — Шу сабабли ҳам чавандоз бўлганман. Ҳудудда бўладиган кўпкари мусобақаларида фаол қатнашаман. Бугунги марафон ҳам ўзига хос таассуротлар билан бошланди. Ўйлайманки, белгиланган муддатда манзилга етиб борамиз. Умумий масофа 330 километр бўлиб, чавандозлар 7 декабрь куни Регистон майдонига кириб боради. Йўл бўйи Пискент, Бўка ва Оққўрғон туманларидаги белгиланган манзилларда тўхтаб, халқ билан суҳбатлашади. Кечаси гулхан атрофида эл суйган бахшилари халқ достонларидан куйлаб барчага кўтаринки кайфият бағишлайди.
А.Мусаев,
ЎзА.