Қўқон давлат университети ва Хитой институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Қўқон давлат университетида Хитой Халқ Республикасининг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Сиань аэронавтика политехника институти (Xi'an Aeronautical Polytechnic Institute – XAPI) делегациясининг ташрифи доирасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбир университетнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Делегация таркибидан XAPI Халқаро ҳамкорлик ва алмашинув директори Лю Чжиу, Аэронавтика ишлаб чиқариш муҳандислиги мактаби декани Яо Жуй, янги энергия воситаларини қўллаш ва техник хизмат кўрсатиш йўналиши раҳбари Тянь Сяохун, учувчисиз учиш аппаратлари технологиялари бўйича мутахассис Конг Линъин ҳамда институтнинг бошқа вакиллари ўрин олди. Меҳмонларни Қўқон давлат университети раҳбарияти, халқаро ҳамкорлик ва ўқув ишлари бўйича масъуллар кутиб олди.
Тадбирнинг очилиш қисмида Қўқон давлат университети ректори Дилноза Ходжаева сўзга чиқиб, кейинги йилларда олий таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади. Шунингдек, университетнинг илмий салоҳияти, замонавий таълим муҳити ҳамда хорижий олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шундан сўнг университетларнинг бугунги ривожланиш кўрсаткичлари, халқаро рейтинглардаги иштироки, қўшма таълим дастурлари, академик алмашинув имкониятлари ҳамда истиқболдаги лойиҳалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Ўз навбатида, XAPI делегацияси раҳбари Лю Чжиу институт фаолияти, аэронавтика, муҳандислик ва инновацион технологиялар йўналишларидаги тажрибалар ҳамда Қўқон давлат университети билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифларни тақдим этди.

Учрашувнинг энг муҳим қисми ҳамкорлик лойиҳаларига бағишланди. Томонлар ўзаро манфаатли бўлган бир қатор истиқболли ташаббусларни муҳокама қилди. Хусусан, «Марказий Осиё дрон академияси», «Смарт ипак йўли инновация маркази» ҳамда «Келажак муҳандислари» дастурини ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Ушбу ташаббуслар замонавий муҳандислик таълимини ривожлантириш, ёшларнинг инновацион салоҳиятини ошириш, қўшма илмий изланишларни йўлга қўйиш ва халқаро тажрибаларни алмашишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Техник муҳокамалар давомида учувчисиз учиш аппаратлари технологиялари, авиация ишлаб чиқариши, яшил энергия воситалари, замонавий муҳандислик таълими ва амалиётга йўналтирилган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш масалалари кенг кўламда кўриб чиқилди. Мутахассислар илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма лабораториялар ташкил этиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири Қўқон давлат университети ҳамда Сиань аэронавтика политехника институти ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди. Мазкур ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим, илм-фан, инновациялар, академик алмашинув, профессор-оўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда қўшма халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА