Қонунни четлаб ўтиб бўлмайди
Бухоро аэропортида белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган 10 500 АҚШ долларини хорижга олиб чиқишга уриниш аниқланди.
Хорижга сафар қилиш — янги манзиллар сари йўл олиш, янги имкониятлардан фойдаланиш демакдир. Бироқ сафар олдидан ҳужжатларни тайёрлаш, йўл харажатларини режалаштириш билан бир қаторда, амалдаги божхона қоидаларини билиш ва уларга қатъий риоя қилиш ҳам муҳим. Зеро, инсоннинг ҳуқуқий маданияти фақат қонунларни билиши билан эмас, балки кундалик ҳаётда уларга амал қилиши билан ҳам белгиланади. Афсуски, бу борадаги тушунтириш ва огоҳлантиришларга қарамай, айрим фуқаролар белгиланган талабларни менсимаслик ёки уларни четлаб ўтишга уриниш ҳолатларига йўл қўймоқда. Бундай ҳаракатлар эса сафар жараёнида ортиқча оворагарчиликлар келтириб чиқариши, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин. Бухоро халқаро аэропортида аниқланган навбатдаги ҳолат ҳам бугунги кунда божхона қоидаларини билиш ва уларга амал қилиш қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
“Бухоро аэропорти” чегара божхона пости ҳамда авиация хавфсизлиги назорати ходимларининг ҳамкорлигида хорижга белгиланган меъёрдан ортиқ нақд хорижий валюта олиб чиқишга уриниш аниқланди. Маълум қилинишича, “Бухоро — Внуково” авиарейси орқали хорижга учиб кетишга тайёрланаётган фуқародан божхона ходими оғзаки сўров орқали ўзи билан олиб кетаётган нақд хорижий валюта ҳақида сўраган. Фуқаро жавобида белгиланган меъёрдан ортиқ маблағи йўқлигини билдирган. Бироқ қўл юки текширилганда, унда белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда — 10 500 АҚШ доллари нақд хорижий валюта борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо текширув натижалари ва амалдаги қонунчилик талаблари асосида берилади.

Бу ерда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳат шундаки, божхона назорати фақат декларация ёки оғзаки савол-жавоб билан чекланмайди. У белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилишини таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва давлат чегараси орқали ҳаракатланаётган товарлар ҳамда валюта маблағлари устидан қонуний назоратни амалга оширишга хизмат қилади.
Нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб чиқиш амалдаги қонунчиликда белгиланган талаблар асосида амалга оширилади. Шунинг учун хорижга йўл олаётган ҳар бир фуқаро сафардан олдин ўзи билан олиб кетаётган маблағ миқдори, белгиланган меъёрлар ва зарур ҳолларда божхона расмийлаштируви тартиби ҳақида ишончли маълумотга эга бўлиши керак. Айниқса, валюта маблағларини олиб чиқишга доир талаблар билан танишишда эски маълумотлар ёки бошқаларнинг тажрибасигагина таяниб қолмаслик лозим. Қоидаларни ваколатли давлат органларининг расмий манбалари орқали текшириш, тушунарсиз жиҳатлар бўлса, божхона ходимларидан аниқлик киритиш сафар олдидан тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради.
Қонун талабларини билмаслик уларга риоя қилиш мажбуриятини бекор қилмайди. Шу боис ҳар бир фуқаро сафарга тайёргарлик кўришда ҳуқуқий масалаларга ҳам етарлича эътибор қаратиши зарур.
Бугун мамлакатимизда давлат чегаралари орқали ҳаракатланиш жараёнларини такомиллаштириш, божхона назорати самарадорлигини ошириш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ва фуқароларга қонуний тартиб-қоидаларни тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган қонунийликни таъминлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва замонавий назорат тизимларини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ушбу соҳадаги ислоҳотлар учун муҳим йўналиш бўлиб хизмат қилмоқда.
Божхона ва авиация хавфсизлиги ходимларининг ҳамкорлигида аниқланган мазкур ҳолат назорат жараёнида идоралараро ҳамкорликнинг аҳамиятини ҳам кўрсатади. Шу билан бирга, самарали назоратнинг муҳим таркибий қисми фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга белгиланган талабларни содда ва тушунарли тарзда етказишдан иборат.
Зеро, қонунбузилиш содир этилганидан кейин чора кўриш билан бирга, унинг олдини олишга хизмат қиладиган тушунтириш ишларини кучайтириш ҳам муҳимдир. Бу борада аэропортларда ахборот лавҳаларини жойлаштириш, валюта олиб чиқиш қоидалари ҳақидаги маълумотларни сафар олдидан тақдим этиш ва йўловчиларнинг саволларига аниқ жавоб бериш орқали профилактик ишларни янада самарали ташкил этиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири