Қонунни билган ютқазмайди
Жиззахда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили асосида суд органларининг жамият билан очиқ мулоқотга киришаётгани, фуқароларга яқинлашаётгани бу борадаги ислоҳотларнинг амалий ифодасига айланмоқда.
Бу жараёнда ёшлар қатламига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, ҳуқуқий билимга эга, қонун устуворлигини англаган авлод барқарор тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Ана шундай маърифий ташаббуслар доирасида Жиззах давлат педагогика университетида судьялар иштирокида навбатдаги ўқув-амалий дарс машғулоти ташкил этилди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди судяси Луиза Халитова талабалар билан юзма-юз мулоқот қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳияти, Конституциянинг устувор ўрни ҳамда маъмурий жараёнларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тушунтириш берди.

Дарс жараёни оддий маъруза эмас, балки жонли мулоқот тарзида кечди. Савол-жавоблар, ҳаётий мисоллар ва амалий вазиятлар таҳлили орқали талабаларнинг ҳуқуқий тафаккурини чархлашга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, маъмурий судловнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни, давлат органлари қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби каби масалалар ёшлар учун муҳим билим манбаига айланди.

— Бугунги кунда ҳуқуқий билим фақат мутахассислар учун эмас, балки ҳар бир фуқаро учун зарурат, — дейди Луиза Халитова. — Ёшлар қонунни қанчалик эрта англаса, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини шунчалик тўғри белгилайди. Бундай учрашувлар орқали биз уларни нафақат ахборот билан таъминлаймиз, балки мустақил фикрлашга, адолатни англашга ундаймиз.
Унинг таъкидлашича, суд тизимидаги янгиланишлар, энг аввало, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ёшлар судларга мурожаат қилиш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини амалда кўриш имконига эга бўлмоқда. Бу эса уларда адолатга ишончни мустаҳкамлайди.

Ҳуқуқий онгни шакллантириш таълимдан бошланади. Оила, мактаб, олий таълим муассасалари ва жамият — барчаси бир занжирнинг узвий ҳалқаларидир. Ушбу тизим уйғун ишлаган тақдирда, самара ҳам шунга яраша юксак бўлади.
Дарҳақиқат, бундай мулоқотлар ёшларнинг нафақат билим доирасини кенгайтиради, балки уларни фаол фуқаролик позициясига эга бўлишга ундайди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА