Қонунлар кучайтирилди, аммо йўлларда хавф ҳамон камаймади
Йўлдаги ҳар бир қоидабузарлик ортида инсон тақдири туради.
Бир лаҳзалик эътиборсизлик ёки йўл ҳаракати қоидаларига бепарволик сониялар ичида қайтариб бўлмас оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, кейинги йилларда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик сезиларли даражада кучайтирилди. Жумладан, тезликни ошириш, маст ҳолда транспорт бошқариш, қаршилик полосасига чиқиш, светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик каби қоидабузарликлар учун жарималар ва маъмурий жавобгарлик чоралари қатъийлаштирилди, фото ва видеофиксация тизимлари кенгайтирилди.
Бироқ кўрилаётган чораларга қарамай, статистика йўлларда ҳаракат хавфсизлиги маданиятини юксалтириш ва ҳар бир ҳаракат иштирокчисининг масъулиятини ошириш долзарблигича қолаётганини кўрсатмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда 2 минг 286 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Уларда 3 минг 306 нафар фуқаро жабрланган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ЙТҲ Тошкент шаҳрида (420 та), Самарқанд вилоятида (311 та) ва Тошкент вилоятида (271 та) қайд этилган. Энг паст кўрсаткич эса Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келиб, бу ерда 48 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.
Бу рақамлар қонунларнинг ўзи етарли эмаслиги, энг муҳими уларга сўзсиз амал қилиш маданиятини шакллантириш зарурлигини яна бир бор кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА