Қонун устуворлиги — адолат ва тараққиётнинг мустаҳкам кафолати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишлари – миллий дастурлар белгилаб берилди. Улардан бешинчиси суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришга қаратилган. Унинг доирасида ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш, “яширин иқтисодиёт” ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Қонун устуворлиги ва суд мустақиллигини таъминлаш – адолатли жамият барпо этишнинг муҳим шарти” мавзусидаги давра суҳбатида айни шу йўналишдаги масалалар муҳокама қилинди.
Унда қўмита ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари, Олий суд, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бизнес омбудсман, бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Ш.Полвонов суд ҳокимиятининг мустақиллигининг аҳамияти, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда қонунчилик асослари хусусида тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, судларнинг мустақиллиги инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолати, давлат ва жамият ўртасидаги ишончнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Сўнгги йилларда амалга оширилган конституциявий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида судларнинг мустақиллигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, судья мақомининг дахлсизлиги, суд жараёнларининг очиқлиги ва одил судловдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.
Давра суҳбатида замонавий таҳдидлар – кибержиноятчилик, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши курашиш, “яширин иқтисодиёт” ҳамда уюшган жиноятчиликнинг илдизига болта уриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу йўналишларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва профилактика ишларини тизимли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, “яширин иқтисодиёт” ва хуфиёна айланмаларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли бир қатор натижаларга эришилди. Жумладан, биргина 2024 йилда хуфиёна айланмаларга чек қўйиш орқали 16 триллион сўм миқдорида бюджетга тушумлар таъминланган. 9 мингга яқин тадбиркорнинг яширин фаолияти расмийлаштирилди. Жорий йилнинг 8 ойида ҳам “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш борасидаги чора-тадбирлар натижасида солиқ тушумлари 34 фоизга кўпайган.
Муҳокамаларда “яширин иқтисодиёт”нинг олдини олиш мақсадида рақамлаштириш ишлари жадал олиб борилаётгани, бу борада Президентимизнинг тегишли фармони билан 2030 йилгача “яширин иқтисодиёт”ни камайтириш чоралари белгилаб олингани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, хуфиёна айланмаларни бартараф этиш аҳоли фаровонлигига, ҳудудлар равнақига хизмат қилиши қайд этилди.
Мунозаралар давомида иштирокчилар суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, судлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш, ҳуқуқий ахборот тизимларининг очиқлигини таъминлаш ва аҳолининг ҳуқуқий савиясини оширишга қаратилган фикр ва таклифларини билдирдилар.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда профилактик ишларни кучайтириш, рақамли технологиялардан фаол фойдаланиш, соҳада замонавий технологиялардан фойдалана оладиган кадрларни тайёрлаш, идоралараро ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, ёшларда қонунга ҳурмат ва ҳуқуқий онгни шакллантириш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг энг самарали воситаси эканлиги, бу борада таълим муассасалари, маҳалла, оила ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА