Қонун марказида – инсон
Тошкент давлат юридик университети ташкил этилганига 35 йил бўлди.
Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон ҳуқуқий давлат деб мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳуқуқий давлатнинг таянчи эса қонун устуворлиги ва одил судловдир. Ҳар қандай қонун, ҳар қандай суд қарори, аввало, малакали ҳуқуқшунос фаолиятида ҳаётга татбиқ этилади. Мамлакатимизда ана шундай кадрларни тайёрлайдиган бош даргоҳ – Тошкент давлат юридик университети 29 сентябрь куни ўз таваллудининг 35 йиллигини нишонлайди.
Университет мустақиллигимиз билан тенгдош. 1991 йил 15 августда ҳукумат қарори билан Тошкент давлат университетининг юридик факультети негизида Тошкент давлат юридик институти ташкил этилди. Ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилган ёш мамлакат учун бу тарихий зарурат эди. Юртимизда юридик таълимнинг илдизлари эса 1918 йил 21 апрелга бориб тақалади. Ўшанда Туркистон халқ университетида юридик кафедра очилиб, Марказий Осиёда ҳуқуқ мактабига асос солинган эди. Ўтган йиллар давомида бу масканда академиклар С.Ражабов, Х.Сулаймонова, Х.Раҳмонқулов ва Ш.Уразаев, Б.Манелис, Б.Блиндер, Г.Саркисянс, Ш.Шораҳметов, Ғ.Абдумаджидов, И.Зокиров каби профессорлар ижод қилди. 2013 йилда институт университетга айлантирилиб, модулли ўқитиш тизимига ўтилди.
Бугун ТДЮУ юридик кадрлар тайёрлаш бўйича таянч олий таълим ва илмий-услубий муассаса мақомига эга. Конституциявий талаблар университет зиммасига улкан масъулият юклайди. Шу боис ТДЮУ жамоаси рақобатбардош мутахассис тайёрлашни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйган: янги замон билан ҳамнафас фан модуллари яратилиб, ўқув жараёнига жорий этилди. 2026/2027 ўқув йилидан юриспруденция йўналиши 2-4-курс талабалари учун дуал таълим тўлиқ жорий этилмоқда: ўқишнинг ярми аудиторияда, ярми бевосита судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва юридик ташкилотларда ўтади. Бакалавриатда “Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик” ҳамда “Рақамли ҳуқуқ”, магистратурада “Корпоратив ҳуқуқ ва бошқарув” ҳамда “Ҳуқуқий бошқарув” йўналишлари очилди. Талабалар билимини холис баҳоловчи “Baho AI” ва расмий ҳужжатлар асосида маслаҳат берувчи “Tutor AI” тизимлари яратилди.
Даргоҳнинг илмий салоҳияти ҳам юксак. Жамоада 465 профессор-ўқитувчи фаолият юритади, улардан 211 нафари илмий даражага эга, шу жумладан, 76 нафари фан доктори. Университет ҳузурида 13 та ихтисослик бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи кенгашлар ишлаб турибди. Илмий мактаблар, Ёш олимлар кенгаши, докторантура ва “Legal Tech” лабораторияси ёш тадқиқотчиларга кенг йўл очмоқда. Сўнгги бир йилда профессор-ўқитувчиларнинг 76 та мақоласи “Scopus” ва “Web of Science” базаларидаги журналларда чоп этилди.
Университетнинг эътиборли жиҳати – илм ва амалиёт бирлиги, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимида изчилликни йўқотмаслик. Юридик клиника фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Аҳолига бепул тақдим этилган “Ҳуқуқ мактаби” мобил иловасидан 77 мингдан ортиқ фуқаро фойдаланмоқда. Устоз ва шогирдлар маҳаллаларда “Намунавий маҳалла”, “Ҳуқуқий маҳалла”, “Низодан холи маҳалла” концепцияларини жорий этиб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширмоқда. Илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш учун “TSUL Professional Services” корхонаси ва “Legal Tech” тизими ташкил этилган. “KOICA” билан ҳамкорликда 14,5 миллион долларлик сунъий интеллектга асосланган юридик хизматлар лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, таълим даргоҳида халқаро ҳамкорлик ҳам изчил кенгаймоқда. Бугун хорижий ҳамкорлар билан 136 та шартнома ва меморандум амал қилмоқда. Биргина 2026 йилнинг биринчи ярмида Буюк Британиянинг “Greenwich”, Италиянинг “Roma Tre”, Польшанинг “Шчецин” ва Австралиянинг “Macquarie” университетлари билан янги битимлар имзоланди. Қозоғистон, Беларусь, Россия, Польша ва Ҳиндистон олийгоҳлари билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган. Халқаро эътироф ҳам ортиб бормоқда: “Times Higher Education World Impact Ranking-2026” рейтингида университет 123 ўринни, “Round University Ranking - 2026” да таълим сифати бўйича 388 ўринни эгаллади.
Талабаларимиз дунёдаги энг нуфузли “Philip C. Jessup” халқаро ҳуқуқ мусобақасида 800 га яқин жамоа орасида 11 ўринни қўлга киритди, “Inter-American Human Rights Moot Court” беллашувида эса “The Best Team” (Энг яхши жамоа) деб эътироф этилди. Университетнинг 130 дан ортиқ талаба ва 50 дан зиёд ўқитувчиси Япония, Германия, Польша, Буюк Британия ҳамда АҚШ олийгоҳларида малака оширди.
Университетнинг Ахборот-ресурс маркази 300 минг нусхадан иборат бой фондга эга. Нодир фондда Бурҳониддин Марғилонийнинг 1893 йилда кўчирилган “Ҳидоя” асари каби уч мингга яқин ноёб манба сақланади. Талабалар учун 26 та клуб, 42 та илмий тўгарак ва 9 та спорт секцияси фаолият юритади.
Аммо барча рақамлардан муҳимроқ бир ҳақиқат бор: ҳуқуқшуносликнинг марказида қонун турса, қонуннинг марказида инсон туриши керак. Бош қомусимиз ҳам айнан шуни белгилаган: инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати – олий қадрият. Шу боис ТДЮУда бугун қонунни чуқур биладиган, мустақил фикрлайдиган, рақамли технологияларни эгаллаган, инсон қадри ва адолатни касбининг мезони деб биладиган янги авлод ҳуқуқшунослари тарбияланмоқда. 35 йиллик юбилей якун эмас, янги марралар сари қўйилган қадамдир. ТДЮУнинг бугунги салоҳияти мамлакатимиз ҳуқуқий тараққиётининг эртанги мустаҳкам пойдеворидир.
Фирюза МУХИТДИНОВА,
юридик фанлар доктори,
Тошкент давлат юридик университети профессори