Қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди
Давлат фуқаролик хизматчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат хизматчиси нуфузли хорижий таълим муассасасига магистратура ёки докторантурага ўқиш бўйича тўлиқ грант ютганда, иш берувчининг ёзма розилиги асосида унинг иш ўрни (лавозими) сақланиши таклиф этилмоқда. Бунда иш берувчи томонидан розилик беришда ўқув дастурининг йўналиши ушбу давлат органи фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиши лозим.
Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган давлат фуқаролик хизматчисининг хорижий нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун қўшимча кафолатлар яратишга қаратилган қонун лойиҳасида айни масала кўзда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, ушбу ҳужжат давлат хизматчиларига кенг имкониятлар яратиш, давлат органлари ва ташкилотларида профессионал ва салоҳиятли кадрлар қатламини шакллантиришни назарда тутади.

Лойиҳада ўқув дастури якунлангандан сўнг давлат фуқаролик хизматчиси зиммасига тегишли давлат органи тизимида хорижда таҳсил олиш даврига тенг муддатда ишлаб бериш мажбурияти ҳам юкланмоқда.
Ҳужжатга кўра, давлат фуқаролик хизматчисининг хорижда ўқиш даври унинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Шу билан бирга, кўп йиллик хизмати учун ҳар ойлик устама белгилашда инобатга олинади.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасидаги нормалар бўйича бир қатор саволлар, эътирозлар ўртага ташланди, таклифлар билдирилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси янада такомиллаштириш мақсадида масъул қўмитага қайтарилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА