Қонун ижросига бағишланди
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Сирдарё вилояти бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар, соҳа ходимлари қатнашди.

– Биламизки, сўнги вақтда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат, ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби Сирдарёни инфекциялардан хавфсиз ҳудуд деб айта олмаймиз, – деди бошқарма бошлиғи Жўрабек Ҳасанов.– Олиб борилган қатор профилактик чора-тадбирлар, хавфсиз иммунизация жараёнига қарамасдан Сирдарё вилоятида ҳам сўнги вақтларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда.
Вилоят аҳолисини коронавирус ва бошқа инфекциялардан ҳимоя қилиш, ушбу турдаги инфекция пандемия давридагидек кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги бирламчи тиббий-санитария муассасалари ходимлари билан ҳамкорликда жойларда, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотларда, шу билан бирга аҳоли кўп тўпланадиган бозор ҳудудларида тарғибот тадбирлари ўтказилиб тарқатма материаллар тарқатилмоқда.

Ушбу ҳолатларни олдини олиш, аҳолини саломатлигини асраш, коронавирус инфекцияси ва бошқа инфекциялардан асраш мақсадида жорий йилда Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги марказидан марказлашган ҳолда 108 минг доза ОПВ, 28 минг доза БЦЖ, 21 минг доза ВГВ, 18 минг доза АКДС, 36 минг доза АДС-М, 48 минг доза пентавалент, 36 минг доза КПК, 35980 доза ротавирус, 25200 доза ИПВ, 59 минг доза ПКВ, 27840 доза ВПЧ вакциналари келтирилиб, белгиланган тартибда эмлаш пунктларига етказиб берилди. Натижада, коронавирус инфекцияси, қизамиқ ва қизилча, бактериал дизентерия, ўткир респиратор, грипп, ўткир ўпка яллиғланиши, захм, қўтир, аскаридоз билан касалланиш кўрсаткичини камайтиришга эришилди.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария эпидемиологик осойишталик тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ижроси доирасида соҳа ходимлари томонидан 443 та, шундан 398 та давлат, 45 та нодавлат муассасаларда текширувлар ўтказилиб, текширувлар натижасига қараб айбдор шахсларга нисбатан 252 миллион 315 минг сўм жарима қўлланилгани, қўлланилган жарималар эса ўз вақтида ундирилгани айтиб ўтилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА