Қўнғироқ садолари келажак эшигини очди
Сирдарё вилоятида бугун яна бир ўқув йили ўз якунига етди. Мактаб ҳовлиларини тўлдирган “Сўнгги қўнғироқ” садолари битирувчилар учун болаликнинг энг ёрқин хотираларини ортида қолдириб, катта ҳаёт сари масъулиятли қадам қўйилганини англатди.
“Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори” ғояси остида ўтказилган байрам тадбирлари таълим муассасаларида ўзига хос руҳ, бирлик ва келажакка ишонч кайфиятини намоён этди.
Вилоятдаги 313 та умумтаълим муассасаси, 1 та Президент мактаби, 1 та Ижод мактаби, 10 та ихтисослаштирилган ҳамда 23 та нодавлат таълим муассасасида ташкил этилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида жами 165 минг 786 нафар ўқувчи, уларнинг устозлари ва ота-оналари иштирок этишди. Байрам тадбирлари аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Вилоят миқёсидаги асосий тадбирлар Гулистон шаҳридаги 2 ва 8-сонли умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Наргиза Холбаева, педагоглар, соҳа мутасаддилари ҳамда фахрий устозлар иштирок этишиб, битирувчиларга эзгу тилаклар билдиришди. Улар ёшлар олдида турган масъулиятли йўл, илм ва меҳнат орқали юксак марраларга эришиш имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтишди.
Тадбирлар доирасида битирувчиларга тантанали равишда олтин ва кумуш медаллар топширилди. Шунингдек, йил давомида намунали хулқи, аъло баҳолари ва фаоллиги билан ажралиб турган ўқувчилар алоҳида рағбатлантирилди. Таълим жараёнида фаол иштирок этган, фарзандининг таълимига масъулият билан ёндашган ота-оналар эса “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она” каби номинациялар бўйича тақдирланишди.
Жорий ўқув йили Сирдарё таълим тизими учун ҳам натижаларга бой бўлди. Вилоятда 11 988 нафар 11-синф ва 15 312 нафар 9-синф битирувчиси мустақил ҳаёт сари қадам қўймоқда. Улар орасидан бир қатор иқтидорли ёшлар халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли олимпиада ва танловларда юқори натижаларни қайд этди.
Жумладан, Азизбек Мамажонов Болқон халқаро математика олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлди. Достонбек Раҳмонқулов эса Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказилган III Халқаро математика олимпиадасида олтин медални қўлга киритиб, вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Шунингдек, Мирзобобур Мирсолиев “Молиявий саводхонлик” республика босқичида 1-ўринни эгаллади. Алишер Эграшев эса “Унумдорлик мактабдан бошланади” мавзусидаги видеотанловда 2-ўринни қўлга киритиб, Германияга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлди.
Битирувчиларни олий таълим муассасаларига тайёрлаш мақсадида 10 минг нафардан ортиқ ўқувчи диагностик тест синовларига жалб этилди, шунингдек, махсус электрон платформа орқали қўшимча тайёргарлик ишлари йўлга қўйилди. 17 та мактабда касб-ҳунар синфлари ташкил этилиб, 878 нафар ўқувчи турли касбий йўналишларга жалб қилинди.
[gallery-29635]
Бугунги кунда 3816 нафар битирувчи олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топширди. Улардан 96 нафари 189 балл тўплаб, муддатидан аввал талабаликка қабул қилинди. Шунингдек, 25 нафар ёш дунёнинг ТОП–1000 талигига кирувчи нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг грантларини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
“Сўнгги қўнғироқ” — битирувчиларни катта ҳаёт сари кузатган, орзу ва масъулиятни бир нуқтада мужассам этган маънавий босқич сифатида таълим тизими тарихида муҳрланди. Мактабларда янграган шеърлар, куй-қўшиқлар ва самимий тилаклар эса ёшлар хотирасида умрбод сақланиб қолади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА