Қўмондон ўқувчилар билан учрашди
Наманган вилоятининг Поп туманидаги ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Поп тумани ҳокимлиги, туман Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Мудофаа вазирлиги Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулла Бузруков учрашувга чақирилган мактаб ўқувчиларига мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилиши, Миллий армияни шакллантириш тарихи, Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли, ўта масъулиятли касбнинг аҳамияти тўғрисида атрофлича тушунчалар, зарур маълумотлар берди.

Масъул офицер киши қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган етук кадр бўлиб етишса, бу унинг ютуғи эканини мисоллар орқали изоҳлаб ўтди. Айниқса, ҳарбийликни эгаллаш учун ҳар бир инсондан билим, ирода ва куч талаб қилиниши айтиб ўтилди.
“Қўмондон ва ёшлар” учрашуви иштирокчиларига замонавий қурол-аслаҳалалар ва ҳарбий техникалар намойиш этилди. Ҳарбий қисмда ташкил этилган музей экспонатлари ўқувчиларда ёрқин таассуротлар қолдирди. Айниқса, буюк соҳибқирон Амир Темур, улуғ қаҳрамонларимиз Жалолиддин Мангуберди, Темурмалик каби саркардаларнинг жанг услублари ҳақидаги ҳикоялар бўлғуси Ватан ҳимоячиларида тарих фанига қизиқиш ҳамда келгусида она юртни ҳимоя қилишга бўлган интилишни оширди.

Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасидаги бу каби тадбирлар Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида қизғин руҳда давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА