Қўмондон бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорода
Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида бу борадаги амалий ишларнинг натижадорлигини ўрганиш юзасидан ўз фаолиятини бошлади.
Бухоро вилояти бўйича Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бошқармасида ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар масъуллари ҳамда вилоят ҳокими Б.Зарипов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қўмондон томонидан ишчи гуруҳнинг асосий мақсади ва фаолияти таништирди. Ўз навбатида вилоят ҳокими ҳам топшириқлар юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

Шунингдек, вилоятнинг ҳар бир туман ва маҳаллаларига Миллий гвардия, ички ишлар органлари, прокуратура, ҳокимият ҳамда алоқадор ташкилотларнинг масъуллари бириктирилди. Шундан сўнг Миллий гвардия қўмондони бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг манзилли ишлари Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек, Бухоро туманларида давом этди.
“Маҳалла еттилиги” ва сектор раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувларда, жиноят содир этилган ҳар бир маҳалларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллалар кесимида манзилли чора-тадбирлар белгиланган ҳолда маҳалла-туман-вилоят даражасида унинг ижроси учун бевосита масъул раҳбарларни бириктириш ва аниқ соҳавий жавобгарликни юклаш, илмий-амалий ёндашувлар асосида жойларга чиққан ҳолда мақсадли ўрганишларни ўтказиш орқали ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асл омилларни аниқлаш ва барҳам бериш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, Президентнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадларга эришиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган устувор вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири