Қўл жанги усталари Наманганда беллашди
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида спортнинг қўл жанги тури бўйича профессионаллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун “Чемпионлар лигаси” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 июндаги “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида истеъдодли спортчиларни тайёрлаш, ёшларда ҳарбий ватанпарварликни камол топтириш, Тошкент, Наманган, Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида қўл жанги бўйича халқаро мусобақалар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, қўл жанги спорт турини ҳар бир вилоятнинг битта туманида устувор спорт тури сифатида белгилаш лозимлиги таъкидланган.
[gallery-8034]
Айни шу мақсадда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида уюштирилган, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент кубоги” нуфузли мусобақасида жаҳон чемпионлари, шунингдек, ўз қитъаси ва давлатида тенгсиз деб топилган спортчилар иштирок этди.
Турнирнинг тантанали очилишида спортчилар саф тортди. Таниқли санъаткорлар ижросида бадиий дастур намойиш этилди. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва анъанавий халқаро мусобақанинг расмий меҳмони – Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов спортчиларга омад тилади.
Турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Қозоғистон, Россия, Руминия, Беларусь, Озарбайжон ва Германия давлатларидан келган қўл жанги усталарига қарши рингга кўтарилди. 48 килограммдан 75 килограммгача бўлган олтита вазн тоифасида бўлиб ўтган жангларнинг барчасида етакчиликни қўлдан бермаган ҳамюртларимиз якунда йирик 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Халқаро турнирнинг дастлабки жангида (50 кг.) жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори наманганлик Маъсума Мўминова ва Қозоғистон Республикаси вакиласи, халқаро тоифадаги аралаш жанглар устаси Тўмарис Жусупова рингга кўтарилди. Қизиқарли кечган баҳснинг иккинчи раундига келиб, рақибасини енгган спортчимиз терма жамоа ғалабасини бошлаб берди.
“Президент кубоги”нинг иккинчи баҳсида (62 кг.) терма жамоамиз аъзоси, жаҳон кубоги совриндори, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, жиззахлик Ҳусниддин Сатторов Беларусь давлатидан келган аралаш жанглар бўйича халқаро турнирлар ғолиби ва спортчиси Сергей Серпитовскийга қарши муносиб кураш олиб борди ва зафар қучди.
“Чемпионлар лигаси”нинг аёллар ўртасидаги жангида (48 кг.) Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси, Жаҳон чемпионати ва кубоги ғолиби, наманганлик Шириной Зоҳидова ва Россия Федерацияси спортчиси, жаҳон чемпионати ва халқаро турнирлар совриндори Виктория Мустаева ўзаро куч синашди. Ушбу жанг томошабинларнинг ҳаяжони ва олқишларига сазовор бўлди. Экстра раундгача давом этган беллашувда ҳамюртимизнинг қўли баланд келди.
67 кг. вазн тоифасида қашқадарёлик халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё ва жаҳон чемпиони, қашқадарёлик Олимжон Нормуродов озарбайжонлик рақиби – икки карра Европа чемпиони, Ислом спорт ўйинлари совриндори Руслан Пиралиевга қарши кечган жангда унга ҳеч қандай имкон қолдирмади.
Сўнг навбат марказий жангларга берилди. 65 кг. вазнда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпионати ва кубоги совриндори, наманганлик Жавоҳир Собитов германиялик спортчи, халқаро турнирлар иштирокчиси Граф Филиппи Вилхелмни очколар ҳисобида мaғлубиятга учратишга муваффақ бўлди.
Халқаро мусобақанинг энг асосий жангида (75 кг.) жаҳон чемпиони, жаҳон кубоги ғолиби, Осиё чемпиони бухоролик Жаҳонгир Жумаев ва халқаро турнирлар ғолиби, россиялик Абубакир Ражабов баҳсга киришди. Чемпионлар иштирокидаги шиддатли ва муросасиз руҳда ўтган жангда рақибини оғритиш усули билан устун келган юртдошимиз турнир ғолиблигини қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти кубогининг ғолиблари ва барча иштирокчилари турнир ташкилотчилари томонидан диплом, қимматбаҳо совринлар, пул мукофотлари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА