Қодирий бобомизнинг изи қолган табаррук маскан
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
“Мозийга қараб иш кўрмак хайрлидир”... Қодирий бобомизнинг “Ўткан кунлар” романи ҳақида гап кетганда улуғ адибнинг ушбу сўзлари беихтиёр ёдга тушади. Абдулла Қодирий ва қатағон... Бу сўзларни ёдга олганимизда миллатнинг уриб турган юраги ва уни суғуриб олмоқчи бўлган бешафқат чангал фожиаси кўз ўнгимизга келаверади.
Пойтахтимизда 2019 йил давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Абдулла Қодирий уй-музейи миллатимиз виждони тимсолига айланган адибнинг ҳаёти, фаолияти, ижоди ҳақида кенг қамровли маълумот берувчи маскан саналади.

Уй-музей ҳудудидаги муҳит сизни ХХ аср бошидаги ижодий Тошкентга қайтаргандек бўлади. Бу маскан ўзбек хонадонлари яқин ўтмишда қандай файзли ва кўркам кўринишда бўлгани ҳақида томошабинларга кенг қамровли маълумот бериши билан диққатга сазовор. Бу ерда халқ орасида “Жулқунбойнинг боғи”, “Қодирийнинг шийпони” деган ажиб масканларга рўбарў бўлишнинг ўзи уй-музейга келган ҳар бир инсонни ҳаяжонга солиши табиий.
Уй-музейидаги экспонатнинг мукаммал сақланиши, турли адабий лойиҳа ва тадбирлар самарали, уюшқоқлик билан ташкил этилишида адибнинг невараси, таниқли ижодкор ва публицист, улуғ ижодкор меросининг чинакам посбони Хондамир аканинг ҳиссалари бениҳоя катта. Хондамир ака бу ердаги ҳар бир экспонатнинг тарихи ҳақида музейга келган инсонларга батафсил гапириб беради.

Айни шу музейда ёзувчининг ўзи ижодидан, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари намуналаридан иборат кутубхона вужудга келган. Ҳовли саҳни деворларига ўзбек ва жаҳон ёзувчи-шоирларнинг Абдулла Қодирий ижоди ҳақидаги фикрлари қайд этилган. Хона деворларига илинган адибнинг асл қиёфасини акс эттирувчи фотосуратлар Қодирий ижодини яқиндан таништиради. Шунингдек, бу ерда газета ва журналлар, Қодирий ижоди намоён эттирилган илк китоблар мавжуд.
Ташқари ва ичкари ҳовлидан иборат ушбу музей ўзбекнинг яқин тарихи, анъаналари, қадриятларидан сўзлаши билан аҳамиятли. Ташқи ҳовли – меҳмонхона қисмида адиб меҳмонларни кутиб олган, дўстлари ва замондош зиёлилари (масалан, Чўлпон, Садриддин Айний) билан адабий суҳбатлар қурган. Ҳозирда бу қисмда Абдулла Қодирийнинг ҳайкали ўрнатилган. Деворларга адиб ҳақидаги машҳур иқтибослар ва фикрлар ёзилган. Янги қурилган кутубхона, конференция ва кўргазма заллари жойлашган.

Ички ҳовлини оилавий ва ижодий қисм деб ҳам аташ мумкин. Бу ер адиб ва унинг оиласи яшаган шахсий ҳудуд. Бу ерда икки қаватли уй мавжуд бўлиб, адибнинг оиласи истиқомат қилган ва асосий асарлари яратилган хоналар жойлашган. Шийпон эса Қодирийнинг энг севимли ижодхонаси бўлган. У ёзнинг иссиқ кунларида айнан шу шийпонда ўтириб, “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларини ёзган.
Ҳовлига туташ боғда адиб ўз қўли билан парвариш қилган мевали дарахтлар ва гуллар мавжуд.
Уй-музей нафақат адибнинг ҳаётини акс эттиради, балки ХХ аср бошидаги Тошкент хонадонларининг файзли муҳитини ҳам намойиш этади.
Абдулла Қодирий ташаббуси билан барпо этилган мўъжаз шийпон давр руҳини ўзида намоён этиши билан аҳамиятли.
Айтиш керакки, ушбу улуғ адиб яшаган ушбу гўшадан адабиёт мухлисларининг қадами аримайди. Бу ерда адабиёт ҳафталиклари, китобхонлик тадбирлари, адабий учрашувлар, китоб кўргазмалари, ёзувчи ва шоирларнинг китобхонлар билан мулоқотлари мунтазам ўтказилиши яхши анъанага айланиб қолган.
Абдулла Қодирий ўзбек адабиётининг шундай бир чўққиси эдики, унинг ижоди миллатнинг ўзлигини англаш сари қўйган энг улкан қадами бўлди. Қатағон эса бу қадамни тўхтатишга, миллатнинг кўзини кўр, тилини соқов қилишга уринган мудҳиш куч эди.
Қодирий “Ўткан кунлар” романи билан ўзбекнинг кимлигини, унинг юксак маданияти ва афсуски, ички низолар туфайли бой берилган эркини кўрсатиб берди. Қатағон эса айнан мана шу эрк ва мустақиллик ҳақида қайғурган маърифатпарварларни нишонга олди. Қодирийнинг қатағон қилиниши — Отабек ва Кумушнинг фожиаси каби, бутун бошли зиёлилар авлодининг фожиаси эди.
Тарихчи олимларнинг фикрича, тергов ҳужжатларида Қодирийнинг сўнгги сўзлари сифатида унинг айбсизлиги ва фақат миллат бахтини ўйлагани ҳақидаги нутқлари қайд этилган.
1938 йил 4 октябрь — бу кун ўзбек адабиёти учун қатағоннинг энг қора нуқтаси бўлди. Қодирийнинг жисмонан йўқ қилиниши адабиётимизнинг тирик танасидан юракни суғуриб олиш билан баробар эди. Аммо қатағон қиличи адибнинг руҳини ва унинг асарларидаги миллий ғояни ўлдира олмади.
Қатағон Қодирийни жисмонан маҳв этган бўлса-да, унинг “Меҳробдан чаён” ва “Ўткан кунлар” каби дурдона асарлари миллат хотирасида яшаб қолди. Бугун Қодирий сиймоси қатағон қурбони сифатида эмас, балки зулм устидан ғалаба қилган ҳақиқат тимсоли сифатида гавдаланади.
Абдулла Қодирий ва қатағон - бу ҳақиқатнинг зулм билан олишувидир. Зулм вақтинчалик ғолиб келгандек кўринса-да, вақт чиғириғида Қодирий сўзи қатағон деворларини парчалаб, бизгача етиб келди.
Музейга келган ҳар бир мухлис шундай таассуротлар оғушида қолиши, қатағон қурбонига айланган бўлса-да, халқнинг юрагида мангу яшаётган Абдулла Қодирийга чуқур эҳтиром ва миннатдорлик туйғуларини кўнглида туйиши, унинг порлоқ хотираси ҳаққига дуолар қилиши табиий.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири