Қизил тоғ чиқиндилардан тозаланди
Қизил тоғ бағридаги кенг адирликлар, кўкка бўй чўзган қоялар, она табиат қучоғига сингиб кетган тошларни эркалаб бўй кўрсатган майсалар ҳозир кўплаб сайёҳларни жалб этмоқда.
Айниқса, дам олиш кунлари бу жойлар доимо гавжум. Шуни эътиборга олиб, табиатни соф ҳолда сақлаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда плоггинг акцияси ташкил этилди.


Мазкур акция давомида фаол ёшлар, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда волонтёр ёшлар иштирокида тоғ этаклари, адирликлар чиқиндилардан тозаланди. Акция иштирокчилари томонидан она табиат бағридан 1 тонна 625 килограмм чиқинди олиб чиқилди ҳамда сараланиб, махсус қопларга жойланди. Улар утилизация учун белгиланган пунктга юборилди.


Тадбирда фаол иштирок этганларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга, яшил далалар қўйнида дам олгани борган оилалар фарзанди билан бирга ниҳоллар экди.


– Фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш, кўчатлар экиш орқали экологияни яхшилаш мақсадида маҳаллий сайёҳлар иштирокида катта йўл ёқаси бўйлаб мевали ва манзарали ниҳоллар ҳам экилди. – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов. – Муҳими, бу саъй-ҳаракатларга бош қўшган, биз билан биргаликда фаол бўлганлар жуда кўп.


Тадбир доирасида сўлим табиат, яшил кенгликлар узра варрак учириш сайли ҳам бўлиб ўтди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири