Қишлоқларда аҳоли даромадини ошириш борасидаги ишлар давом этмоқда
Мамлакатимизда аҳоли даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилди. Мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар эса доимий назоратда.
Кичик бизнес ва тадбиркорлик қўллаб-қувватланиб, ҳудудларда корхоналар очилмоқда. Бу имкониятларни жойларда самарали ишлатиб, аҳолига даромад манбаи яратиб бериш асосий мақсадлардан бири.
Бугунги кунда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳа Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида танлаб олинган ҳудудлардаги шахсий томорқа ер эгаларига турли амалий ёрдам берилаётгани айни ҳақиқат.
ФАОнинг ушбу лойиҳа бенефициар ҳамкори Генжемурат Турдимуратовга ҳам ўз даромадини ошириши учун турли инновацион технологиялар, шу жумладан, замонавий иссиқхона қуриш, томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш, биогумус ишлаб чиқариш ва юқори репродукцияли уруғлар билан таъминлаш бўйича ёрдам кўрсатилмоқда.
У бугунги кунда у ўз тажрибасини бошқа томорқа ер эгалари билан ўртоқлашиб, уларга ҳам юқори даромад олиш йўлларини ўргатиб келяпти. ФАО томонидан Қорақалпоғистоннинг Қораўзак ва Беруний туманларида туман ҳокимлиги ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда томорқа хўжаликлари эгалари учун кичик иссиқхоналарда гул ва сабзавот экинларини етиштириш бўйича ўқув семинари ташкил этилди.

Мутахассислар томорқалардан самарали фойдаланишда экинлар хилма-хиллигини жорий этишнинг аҳамияти, гулчилик учун иссиқхоналарни тайёрлаш ва асосий турдаги гул кўчатларини етиштириш усуллари ҳақида батафсил маълумот берди. Алоҳида эътибор гул кўчатларини зараркунанда ва касалликларга қарши курашда кимёвий, биологик ва табиий усуллардан фойдаланиш масалаларига қаратилди.
– Семинарда асосан виола ва тагетес гулларини етиштириш технологиясига алоҳида эътибор қаратдик, – деди лойиҳанинг миллий координатори Азиз Нурбеков. – Бу гуллар нафақат манзарали, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. Юз метр квадратли иссиқхонада гуллар тўғри парваришланса, 2 минг 500 туп кўчат етиштириш, мавсум давомида эса 3-4 марта ҳосил олиш имконияти бор. Виола гулининг бир тупи етти минг сўмгача сотилганида бир йил давомида битта иссиқхонадан анчагина даромад олиш мумкин.
Бундай семинар-тренинглар орқали аҳолига замонавий гулчилик технологияларини ўргатиш, уларнинг даромадини ошириш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ёрдам беришга эришилади.
Тадбир давомида Қораўзак ва Беруний туманларида гулчилик билан шуғулланувчи хотин-қизларга “Аёлларнинг иқтисодий имконияти ва тадбиркорликдаги ўрни: Гендер тенглиги ва барқарор ривожланиш” мавзусида ҳам тренинг ўтказилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА