Қишлоқ хўжалигида Корея технологиялари татбиқ этилмоқда
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар миллий маркази Жанубий Кореянинг KOPIA ташкилоти билан ҳамкорликда 2019-2023 йилларга мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
«Ўзбекистонда соғин сигирларни боқиш, селекция ишларини жадаллаштириш ва сут маҳсулдорлигини ошириш», «Намунали чорвадор қишлоқлар», «Шоли етиштиришда механизациядан фойдаланган ҳолда органик деҳқончиликни ривожлантириш» ҳамда «Қишлоқ хўжалиги билим ва инновацияларини тарқатиш илмий-амалий хизматлар марказини ташкил этиш» техник ёрдам лойиҳалар ҳозирда Ўзбекистонда татбиқ қилинган.
Бугун – 28 июнь куни Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида «Ўзбекистон – KOPIA ҳамкорлик лойиҳалари» мавзусига бағишланган форум бўлиб ўтди.
Унда Миллий марказ тизимидаги барча илмий-тадқиқот институтлари ва ҳудудий агрохизматлар марказлари (АКИС)дан вакиллар қатнашди. Яна бир қизиқ янгилик ҳозирда Шоличилик илмий-тадқиқот институти ва KOPIA ташкилоти ўртасида «Шоли етиштиришда механизациядан фойдаланган ҳолда органик деҳқончиликни ривожлантириш» лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.

Ундан кўзланган мақсад шоли кўчатларини механизмлар билан экиб етиштириш ҳамда шоли экилган майдонларда ўрдак боқиш технологиясини ишлаб чиқиш орқали органик деҳқончиликни ривожлантиришдир.
Тадбир давомида Корея технологиялари асосида чорвачилик ва гўшт етиштириш, сут маҳсулдорлигига эришиш борасида ҳам муҳим алоқалар ўрнатилиб, илмий асосланган тажрибалар синовдан ўтказилди.
М.Каримова, ЎзА