Қишлоқ хўжалигида инновацион ислоҳотлар оммалашмоқда
Баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат эканлигини англаган Тошкент тумани деҳқонлари ҳозир далаларда уюшқоқлик кўрсатмоқда. Хусусан, ҳудудда ташкил этилган “Фермерлар куни” тадбири шунчаки учрашув эмас, балки соҳа фидойилари учун ўзига хос тажриба мактабига айланди.
Фермерлар, деҳқон хўжаликлари вакиллари билан мулоқотда туман ҳокимлиги масъуллари эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликларни ҳам танқидий таҳлил қилди. Истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Тадбирда асосий эътибор ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда бажаришга қаратилди. Мутахассислар қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларига мурожаат қилар экан, замонавий ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас талаби эканлигини алоҳида таъкидлади. Зеро, инновация кирган соҳада барака ва ривожланиш бўлиши шубҳасиздир.

Жумладан, “NIHOL AGRO EXPORT” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Х.Азимов томонидан намойиш этилган интенсив усулдаги қулупнай, пиёз ва брокколи етиштириш тажрибаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Томчилатиб суғориш технологияси асосида парваришланаётган бу маҳсулотлар нафақат сифати, балки халқаро бозорлардаги харидоргирлиги билан ҳам ажралиб туради. Дала ўртасида ташкил этилган ушбу ўқув-семинари иштирокчилар учун назарий билимларни амалиёт билан боғлаш имконини берди.

Ҳозир мазкур туманда 2026 йил ҳосили учун кенг кўламли экин ишлари амалга ошириляпти. Жумладан, 1 минг 400 гектар майдонга турли сабзавот экинлари, минг гектардан ортиқ ҳудудга картошка ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилиб, парваришланмоқда. Бу ишлар “Навоий миришкор”, “Кўктерак ҳосилот файз”, “Ғуломмахмуд барака”, “Ғишткўприк агро”, “Тош-Тўлабий”, “Хасанбой агро нур” каби илғор хўжаликлар ҳамда бошқа ҳудудларда изчил давом этмоқда. Бундан ташқари, ҳудудда 1 минг 325 гектар мева боғлари ҳамда 786 гектар токзорлар ҳам мавжуд бўлиб, баҳорги совуқдан ҳимоя қилинмоқда. Чунки айни даврда ҳар бир ниҳол, ҳар бир куртак келгуси ҳосилнинг пойдевори ҳисобланади.

Тадбир якунида ўзаро савол-жавоблар ва қизғин баҳслар орқали фермерлар ўзларини қийнаётган масалаларга ечим топди.
А.Мусаев, ЎзА.