Қишлоқ хўжалиги ходимларига давлат мукофотлари топширилди
Ўзбекистонда ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланади.
Бу сана нафақат соҳа ходимлари учун байрам, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг хизматини эътироф этиш кунидир.
Мазкур байрам муносабати билан кеча давлатимиз раҳбарининг агро соҳада узоқ йиллар давомида фидокорона меҳнат қилган, замонавий инновацион технологияларни жорий этган, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳамда юқори ҳосилдорликка эришган соҳа ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармони эълон қилинди.
Қувонарлиси, мукофотланганлар орасида 8 нафар сирдарёлик фидойи ҳам борлиги маҳаллий аҳоли ва соҳадаги ҳамкасблар учун чексиз ғурур манбаи бўлди. Улар орасида Боёвут туманидаги «Анварбек Аббосбек» фермер хўжалигининг пахта териш комбайни механизатори Баҳодир Қўзиев ҳам бор. У «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Унинг таъкидлашича, давлат мукофоти нафақат шахсий меҳнатининг эътирофи, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган умумий ютуқларнинг ифодасидир.
[gallery-26658]
– Бу мукофот мен учун катта шараф ва масъулият бўлиб, янада самарали меҳнат қилиш, замонавий технологияларни қўллаш ва юқори ҳосилга эришиш учун беқиёс қувонч, илҳом бахш этади.
Бугун Сирдарё вилоят ҳокимлигида мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, мукофотланувчиларни самимий табриклади ва уларнинг соҳа ривожига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, бундай мукофотлаш маросимлари қишлоқ хўжалиги соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг касбий фаолиятига янги руҳ ва илҳом бағишлаш ҳамда соҳа ривожига ижобий туртки беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири