Қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда самарадорлик сари
Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда чорвачилик тармоғида тартиб-интизомни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бухоро вилоятига ташриф буюриб, Ғиждувон туманидаги қатор фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Вазир дастлаб Ғиждувон тумани “Зарафшон” ҳудудида жойлашган “Достонбек” фермер хўжалигида бўлди. Ушбу хўжаликнинг умумий ер майдони 100 гектарни ташкил этиб, унда пахта, ғалла ва сабзавот экинлари етиштирилади. Хўжаликда ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.

Жумладан, 3,5 гектар майдонга картошка экилиб, боғ ҳудудида қўшимча равишда 2300 туп ўрик кўчатлари парвариш қилинмоқда. Дала четларига помидор ва қовоқ экинлари экилган. Бу эса ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, қўшимча даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда. Экилган картошка ҳосили йиғиб олингач, ушбу майдонда такрорий экин сифатида мош етиштириш режалаштирилгани айтилди. Бу каби ёндашув ер ресурсларидан узлуксиз ва юқори самара билан фойдаланиш имконини беради.

Фермер хўжалигининг пахта ва ғалла майдонлари ҳам кўздан кечирилди. 6 гектарлик контурда пахта очиқ усулда қўшқатор қилиб экилган бўлиб, агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда олиб борилмоқда. 42 гектар ғалла майдонида ҳам ўз вақтида амалга оширилган ишлар натижасида экинлар яхши ривожланиш босқичида экани қайд этилди.
Хўжаликдаги 300 тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга совутгич омбори ҳам диққат марказида бўлди. Эътиборли жиҳати, мазкур омборнинг энергия таъминоти қуёш панеллари орқали амалга оширилаётгани бугунги кунда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини қишлоқ хўжалигига татбиқ этишнинг амалий намунаси сифатида баҳоланди.

Ташриф давомида вазир томонидан ер майдонларидан янада унумли фойдаланиш, интенсив деҳқончилик усулларини кенгайтириш, юқори ҳосилдор навларни жорий этиш ҳамда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, Иброҳим Абдураҳмонов Ғиждувон туманида жойлашган “Тилло наслчилик” фермер хўжалигида бўлиб, чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур хўжаликда Россия ва Доғистондан келтирилган уч турдаги жами 150 бош наслли қорамол парвариш қилинмоқда.

Ташриф чоғида чорва молларини сақлаш шароитлари, озуқа базаси, санитария-гигиена талабларига риоя қилиниши ва парвариш сифати атрофлича ўрганилди. Маълумки, жорий йилнинг 18 апрелидан 18 майига қадар мамлакатимизда “Чорвачиликда санитария-эпидемиологик гигиена ойлиги” эълон қилинган. Шу муносабат билан соҳада тартиб-интизомга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида айрим чорва моллари учун яратилган шароитлар етарли даражада эмаслиги кузатилди. Шу боис вазир томонидан мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, ферма ҳудудидаги темир конструкцияларни санитария талабларига мос ҳолатга келтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, озуқа емларини рацион асосида бериш, уларнинг сифати, сақлаш ва етказиб бериш жараёнларини тўғри ташкил этиш чорвачилик самарадорлигини оширишда муҳим омил экани қайд этилди. Масъулларга наслдорлик кўрсаткичларини яхшилаш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Мазкур ташриф Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш, деҳқончиликда илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда чорвачиликда замонавий талаблар асосида иш юритиш муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.