Қиш эшик қоқмоқда: сиз бунга тайёрмисиз?
Жиззах вилоятидаги таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда? Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли 558 та умумтаълим, шу жумладан, 4 та махсус мактаб-интернат, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ва 1 минг 514 та мактабгача таълим ташкилоти, шундан 235 та давлат ва 1 минг 279 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотида қишга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида Жиззах вилоят Мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси қурилиш бўлими бошлиғи Аҳмад Жайнаковга мурожаат қилдик.
– Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълим бошқармасига қарашли 790 та таълим-тарбия ташкилотидан 72 таси табиий газ, 718 таси кўмир ёқилғиси билан иситилади, – дейди Аҳмад Жайнаков. – Вилоят молия бошқармасидан умумтаълим мактаблари ва боғчалар учун кўмир маҳсулотига жами 12 миллион 648 минг 812 сўм маблағ ажратилган бўлиб, 30 минг 801 тонна сифатли кўмир маҳсулоти жойларга етказиб берилди.
Вилоят ММТБга қарашли 790 та МТТ ва умумтаълим мактабларида жорий таъмирлаш ишлари 100 фоиз бажарилди, шундан белгиланган 1 минг 645 квадрат метр алмаштирилди, фақат Пахтакор туманидаги “Обод маҳалла” дастурига тушган 8-мактабда сўнгги таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, режадаги 685 пагонометр ички иситиш тармоқлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди ҳамда 780 квадрат метр синган ойналарни алмаштириш ишлари ҳам бажарилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида маҳаллий ҳокимликлар томонидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли жами 322 та, шундан 123 та МТТ ва 199 та умумтаълим мактабига кўмир ёқилғиси билан ишлайдиган иситиш қозонлари ўрнатилиши белгиланган бўлиб, шулардан 212 таси фойдаланишга топширилган.
<iframe width="887" height="499" src="https://www.youtube.com/embed/TMej0VwJ8ZY" title="Қиш эшик қоқмоқда: сиз бунга тайёрмисиз?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Вилоятдаги 82 та, шундан 18 та МТТ ва 64 та умумтаълим мактаби иситиш тизими давлат -хусусий шерикчилиги асосида тадбиркорларга берилган бўлиб, бугунги кунда жами 44 та, шундан 9 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 35 та умумтаълим мактаби локал иситиш тизимига, яъни кўмир ёқилғисига ўтказилиб, иситиш қозонлари алмаштирилган.
Президентимизнинг жорий йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан шу бугунги кунга қадар вилоятдаги жами 109 та, шундан 80 та умумтаълим мактабига, 26 та мактабгача таълим ташкилотига ва 3 та бошқа таълим тизимидаги объектларга қуёш панеллари ўрнатилган.
– Айни пайтда туманда 14 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 19 та умумтаълим ва 1 та ихтисослашган ҳамда 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият юритмоқда, – дейди Пахтакор туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудираси Мадина Турғунова. – Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан барча давлат мактабгача таълим ташкилоти ва умумтаълим мактаблари босқичма-босқич локал иситиш тизими – кўмир ёқилғисига ўтказилиб, иситиш қозонларини алмаштириш ишлари охирига етказилмоқда.
Булардан ташқари, тумандаги мавжуд боғчаларнинг 4 тасига, мактабларнинг 9 тасига маҳаллий ҳокимлик томонидан қуёш панеллари ўрнатилиб, қолган ўқув муассасаларига ҳам ўрнатиш устида иш олиб борилмоқда. Туман ММТ бўлими мудирасининг таъкидлашича, “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 8-сонли умумтаълим мактабининг том қисмини алмаштириш ишлари яқин кунларда ниҳоясига етказилади.
[gallery-14176]
Тумандаги 20-сонли умумтаълим мактабининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги режа асосида олиб борилмоқда. Ушбу ўқув муассасаси 2021-2022 ўқув йилида фойдаланишга топширилган. Мактаб учун зарур кўмир захираси яратилган. Газ билан ишлаган иситиш қозонлари кўмир ёқилғиси билан ишлайдиганларига алмаштирилган.
Бироқ иситиш қозонидан чиқадиган тутун (ис) учун керакли ўлчамдаги дуд бурунлари янгисига алмаштирилмаганлигига гувоҳ бўлдик. Шу каби ҳолат 5-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам кузатилди. Ушбу МТТ методисти Феруза Қўшбоқованинг айтишича, боғчага қиш мавсуми учун 40 тонна кўмир етказиб берилган, эшиклар ҳаммаси мустаҳкамланиб, қиш мавсумига тайёр ҳолатга келтирилган.
Пахтакор туманидаги 2 та мактабгача таълим ташкилоти ва 2 та умумтаълим мактабидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасидаги камчиликларни, оз фурсатда бартараф этиш мумкин. Аммо шу каби камчиликлар вилоятдаги мавжуд 790 та МТТ ва мактабларнинг айримларида ҳам учрамаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Туман ва шаҳар ҳокимлари, ўз ҳудудларидаги боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий объектларнинг қишга тайёрлигини, қорли-қировли совуқ кунлар бошланмай жиддийроқ назоратга олиши зарур.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари