Қирғизистонлик ёшлар Бухорода
Қирғизистон Республикасининг фаол ва иқтидорли ёшларидан иборат делегацияси “Юксалиш” умуммилий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
–Ташриф давомида “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ёшлар ҳамкорлигининг истиқболлари” мавзусида икки давлат ёшлари билан мулоқот учрашуви ташкил этилди, – дейди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари Ҳамза Рўзиев. – Тадбирда «Ёшларнинг лойиҳалари ва ташаббусларини амалга оширишда менинг шахсий тажрибам», «Германиядаги таълим ва стипендия дастурлари» мавзуларида ёшларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди. Тақдимотларда қирғиз ёшлари билан вилоятнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, стипендиат, тадқиқотчи ҳамда фаол ёшлари қатнашди. Қизғин муҳокамаларга бой бўлган мулоқот учрашувида ёшлар ўзаро тажриба алмашди.

Делегация аъзолари Бухоро шаҳридаги ёшлар марказида яратилган шароитлар, имкониятлар, амалга оширилаётган ишлар, марказнинг фаолияти билан танишишди. Марказга ташриф жараёнида ёшлар миллий чолғу оркестрининг махсус тақдимот концерти, ўзбек жанг санъати спорти тўгарагининг спортчи ёшлари томонидан тайёрланган мастер класслар намойиш этилди.
Меҳмонлар кўҳна ва боқий Бухоронинг Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи, Ситораи Мохи хосса, “Лаби ҳовуз”, “Пойи калон”, “Нодир Девонбеги”, мажмуалари, Арк қўрғони, Сомонийлар мақбараси, “Мири Араб” мадрасасида бўлишди.
Зариф Комилов, ЎзА