Қинғир ишнинг қийиғи чиқди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан фош қилинган навбатдаги ҳолатда “Ғиждувон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида фуқаро Р.С. номига четдан келтирилган автокранни божхонада расмийлаштириш жараёнида қинғирликка қўл урилгани аниқланди.
Ҳужжатларда ушбу махсус техника 2020 йилда ишлаб чиқарилгани қайд этилган. Лекин транспорт воситаси ҳолатининг экспертиза натижалари буни тасдиқламади.
Автокран шассисида қўлбола усулда бажарилган пайвандлаш излари аниқланган. Кран кабинасидаги маълумотлар битилган ёрлиқлар ҳам қалбакилаштирилган. Автокран эҳтиёт қисмларида эса унинг 2016 йилда ишлаб чиқарилганлигини кўрсатувчи ёрлиқлар мавжудлиги аниқланган. Буларнинг барчаси эса мазкур техника 2016 йилда ишлаб чиқарилганлигини англатади. Маълумотларни сохталаштириш орқали юк эгасининг божхона тўловларидан 4,2 миллиард сўмлик имтиёзларни қўлга киритиш режаси бажарилмай қолди.
Вилоят божхона бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими ҳамда Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан фуқаро Б.Д. номига четдан олиб келинган автокран ҳам белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, шубҳали ҳолатлар кузатилди. Натижада автокранга қайта экспертиза тайинланди. Экспертизанинг дастлабки хулосасида 2018 йилда ишлаб чиқарилганлиги тасдиқланган. Автокран аслида янги кўринишга келтириш учун муқаддам таъмирланган, эҳтиёт қисмларида унинг 2012 йилда ишлаб чиқарилганлигини кўрсатувчи биркалар аниқланган. Қайта экспертиза натижасидан сўнг ушбу техника 2012 йилда ишлаб чиқарилганлиги тасдиқланган. Маълумотларни сохталаштириш орқали юк эгасининг божхона тўловларидан 3,2 миллиард сўмлик имтиёзларни қўлга киритиш режаси фойда бермади.
Шундай қилиб, мазкур ҳолатларда 7 миллиард 422 миллион сўмлик имтиёз бекор қилиниб, божхона тўловлари қайта ҳисобланди. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА