Қиличбозларимизни жаҳон майдонларида жиддий синовлар кутмоқда
Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоа аъзолари шу ҳафтада дунёнинг турли нуқталарида ташкил этиладиган жаҳон кубоги ва гран-при босқичи мусобақаларида иштирок этади.
Жумладан, 16 апрель куни Мисрда қиличбозликнинг рапира йўналиши бўйича жаҳон кубоги босқичи старт олади. Мусобақада 42 дан ортиқ давлатдан 224 нафардан зиёд йигитлар ва 180 нафарга яқин қизлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон, Ҳонгконг, Ҳиндистон, Греция, Буюк Британия, Жазоир, АҚШ каби кучли терма жамоа вакиллари яккалик ва жамоавий йўналишларда баҳсларга киради.
Ўзбекистон терма жамоаси шарафини эркаклар ўртасида Радмир Семенеев, Улуғбек Усманов, Ильяс Молина ва Даниил Кравцов ҳимоя қилса, қизлар орасида Полина Волобуева қатнашади.

17-19 апрель кунлари Грециянинг Афина шаҳрида сабля бўйича аёллар ўртасида жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. Унда 43 давлатдан 214 нафардан зиёд спортчи қатнашиши режалаштирилган. Мазкур мусобақада юртимиз шарафини Аякўз Жумамуратова, Гулистан Пердебаева ва Самира Шокирова ҳимоя қилади. Беллашувлар яккалик ва жамоавий дастурда ташкил этилади.
Шунингдек, 17 апрель кунидан бошлаб Италиянинг Падуя шаҳрида эркаклар ўртасида сабля бўйича жаҳон кубоги босқичи старт олади. Мусобақада 47 давлатдан 251 нафардан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақада Исломбек Абдазов, Азизбек Даулетназаров, Сардор Абдукаримбеков, Алпамис Уракбаев ва Муса Аймуратов каби қиличбозлар билан иштирок этади.
Қиличбозликнинг шпагa йўналиши бўйича Гран-при босқичи ҳам 17 апрель куни бошланади. Ушбу мусобақа Будапешт шаҳри мезбонлик қилади. Унда 64 мамлакатдан 282 нафардан зиёд аёллар ва 356 нафардан ортиқ эркаклар қатнашиши кутилмоқда. Мазкур мусобақада юртимиз шарафини Ш.Эгамбердиева, С.Раҳимова ва М.Ҳакимова, эркаклар ўртасида В.Анохин, Ж.Нурматов ҳамда М.Тимуров ҳимоя қилади.
Қайд этиш жоиз, апрель ойидаги мазкур халқаро стартлар қиличбозларимиз учун муҳим синов бўлиб, спортчиларимиз учун халқаро рейтинг очколарини жамғариш, тажриба ошириш ҳамда келгуси нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА