Қиличбозларимиз жаҳон кубогида совриндор бўлди
Баҳрайннинг Манама шаҳрида ўсмирлар ўртасида қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича жаҳон кубоги босқичи ўтказилди.
Унда мезбонлардан ташқари Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Миср, Германия, Ўмон, Сингапур, Туркия, Тунис, Саудия Арабистони, Ҳонгконг, Қозоғистон каби давлатлардан келган 150 нафарга яқин қиличбозлар яккалик ва жамоавий баҳсларда рақобатлашди.

Қувонарлиси, Азиза Ҳамидова, Санам Назарова ва Дилназ Мурзатаевадан иборат Ўзбекистон термаси жамоавий баҳсларда бронза медалига сазовор бўлди. Мазкур беллашувларда Туркия терма жамоаси биринчи, Ҳонгконг эса иккинчи поғонадан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА